Нукусда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли академик лицейлар ўқувчилари ўртасида «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» спартакиадаси бошланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси З.Реймова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари С.Абдуқодиров, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А.Данияров давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз тинчлигини сақлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатган аждодларимизнинг исмларини абадийлаштириш, уларнинг мардлик ишларини ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш, шу орқали ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Шулардан бири Жалолиддин Мангуберди ёшлигидан ҳарбий муҳитда вояга етиб, жанговарликни моҳир эгаллаган, она диёримиз, халқимизни ташқи кучлардан ҳимоя қилган миллий қаҳрамон бўлиб етишди. Мазкур спартакиадани ўтказишдан асосий мақсад, озодлик йўлида ота-боболаримизнинг жасурлигини ёшларимиз онгига сингдириш, уларни ватанимизни кўз қорачиғидек ҳимоя қиладиган инсонлар қилиб вояга етказиш ҳисобланади. Мусобақа иштирокчилари орасидан ҳам мардлар етишиб чиқишига ишонч билдирилди ва уларга омад тиланди.
Уч кун давом этадиган мусобақа иштирокчилари кўпкураш, енгил атлетика ва мини футбол бўйича баҳслашади.
Унда ўқувчиларнинг кўргазмали чиқишлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ашула ва рақс ансамбли аъзолари, Қорақалпоғистон санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Шу куннинг ўзида Нукус шаҳридаги марказий «Турон» ўйингоҳида, Олимпиа ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий маҳорат спорт мактаби ўйингоҳида мусобақаларга старт берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА