19 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида иккинчи тоифага талабгор педагог кадрлар учун малака (тест) синовлари бошланди. Синовларни математика фани ўқитувчилари бошлаб беришди.

Бугун ҳудудларда информатика, рус тили (миллий мактабларда), рус тили ва адабиёти, қозоқ тили ва адабиёти, тожик тили ва адабиёти, туркман тили ва адабиёти ҳамда қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчилари малака (тест) синовларида иштирок этишади.

Жараёнлар барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилган, шунингдек, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган биноларда онлайн тарзда ташкил этилган.

Таъкидлаш жоизки, педагоглар саломатлигини сақлаш мақсадида синовлар санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилмоқда.

Жараёнлардаги шаффофликни таъминлаш мақсадида маҳаллий депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилган. Синовларга кирувчи ҳар бир талабгор ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан текширилмоқда. Бундан ташқари, жараёнлар назоратчилардан ташқари, кузатув камералари орқали ҳам ёзиб олинмоқда.

Шу билан биргаликда, педагоглар ўзлари қайд этган натижаларни жараён якунланган заҳоти билиб олишмоқда.

Эслатиб ўтамиз: иккинчи малака тоифасига талабгор педагог кадр баҳолаш мезонларининг ҳар биридан 60 фоиз ва ундан юқори кўрсаткич қайд этса, иккинчи малака тоифаси берилади. 59 фоиздан 55 фоизгача кўрсаткичга эга бўлса синовлардан ўтган ҳисобланади ва мутахассис тоифасини сақлаб қолади.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА