Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди учун коронавирус инфекциясига қарши профилактик эмлаш мақсадида жами 32 000 доза AstraZeneca ва 33 200 доза Хитой Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси олиб келинди.
– COVAX дастури доирасида 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб COVID-19га қарши AstraZeneca ва ZF-UZ-VAC 2001 вакциналари билан бир пайтнинг ўзида эмлаш ишлари бошланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлимининг врач эпидемиологи Наргиза Маткаримова. – Эмлаш тадбирларига дастлаб Нукус шаҳридаги 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли ва тиббиёт ходимлари жалб қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг жорий йил 5 апрелдаги кўрсатма хатига мувофиқ Тахиатош, Хўжайли, Нукус туманларида ҳам бу ишлар бошлаб юборилди. Шу тариқа бугунги кунга қадар ҳудудимизда истиқомат қилувчи 65 ёшдан юқори бўлган 837 нафар ва 928 нафар тиббиёт ҳодими, жами 1765 нафар фуқарога эмлаш ишлари ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, шу кунгача эмланган аҳоли орасида ножўя таъсир ёки белгилар билан рўйхатга олинганлар қайд этилмади.
Мутахасcисларнинг таъкидлашича, эмлаш ишлари фақат шифокор текширувидан ўткандан сўнг амалга оширилади. Эмланган фуқаро шифокор ва патронаж ҳамшира назоратида бўлади. Хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламида коронавирусга қарши эртароқ эмланишга хоҳиш пайдо бўлса, у ҳолда улар ҳудудий оилавий поликлиникаларда жойлашган эмлаш пунктларига мурожаат қилиши ва белгиланган кунда келиб эмланиши мумкин.
Довуд Абибуллаев, ЎзА