Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Сluster” кластери томонидан бунёд этилган шолини қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди.
“ТСТ Rice” номли ушбу масъулияти чекланган жамиятда шоли етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилган. Ўтган йили 2,6 минг гектардан ортиқ ерда “Лазурний”, “Искандар”, “Мустақиллик”, “Нукус” навларидан мўл ҳосил етиштирилган.
Айтиш жоизки, илгари шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ололмасди. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинарди.
Президентимизнинг 2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг соҳада сифат ўзгаришлари бошланди, самарадорлик ошди.
“ТСТ Rice” мажмуаси жойлашган майдон ҳам илгари ташландиқ жой эди. 27 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳа туфайли ушбу 6 гектар ҳудудда замонавий мажмуа барпо этилди. У хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда қайта ишлаш заводини ўз ичига олган.
Шолини тозалаш ва қуритиш цехи тўртта линия билан жиҳозланган. Уларнинг ҳар бири ёрдами бир сменада 120 тонна шолини қуритиш мумкин. Бу ерда бошқа дуккакли маҳсулотларни тозалаш ва қуритиш ҳам мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур цех кўмирда ишлайди.
Шолини қайта ишлаш заводи Туркиянинг “Yashar Makina” компанияси ускуналари билан жиҳозланган. Улар ёрдамида энг юқори навдаги гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Чунки “ақлли” ускуналар гуручни нафақат катта-кичиклиги, балки ранги бўйича ҳам саралайди.
Ҳозирги пайтда завод бир йилда 40 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Истиқболда режалаштирилган иккинчи босқич ҳам ишга туширилгач, корхона қуввати икки баробарга ортади.
Бу ерда замонавий лаборатория ҳам бор. Бу ерда қабул қилинаётган шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат қилиб борилади.
“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида иш юритаётган шоличилик кластерида жорий йилда ҳосилдорликни 60 центнердан ошириш, хорижга 100 минг АҚШ доллари миқдорида гуруч экспорт қилиш режалаштирилган.
“ТСТ Rice” корхонасида 365 нафар, умуман, кластерда 8 минг 750 нафар аҳоли ишламоқда.
– Мана, инсон ҳуқуқлари деймиз. Энг катта ҳуқуқлардан бири – иш билан таъминланиш. Бизнинг ҳамма ҳаракатларимиз шунга қаратилган. Одамларни ишли қилсак, аҳоли жон бошига даромадни кўпайтирсак, сотиб олиш қобилияти ошса, бошқа ҳамма ҳуқуқлар ўзи жой-жойига тушади. Шунинг учун Тошкент вилоятини ишсизлик минимал даражада бўлган ҳудудга айлантирмоқчимиз. Вилоятда бунинг учун ҳамма шароит бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Асосий эътибор экспортни кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, келгуси йили гуруч экспортини 500 минг АҚШ долларига етказиш мўлжалланган. Бундан ташқари, “ТСТ Сluster” кластерининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган тўрт босқичли лойиҳаси доирасида 114 миллион долларлик тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Шу ерда вилоят қишлоқ хўжалиги ва тўқимачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.