Пойтахтимизда “Йил аёли – 2017” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи хотин-қизлардир. Бугун давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1,5 мингга яқин хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият олиб бормоқда. “Йил аёли” танловининг ҳудудий босқичларида комиссиялар томонидан 5,5 мингдан ортиқ аёлнинг фаолияти ўрганилди. Мамлакат босқичида 140 номзод қатнашди.

Нуфузли ҳайъат “Фарғона Роза-ал” корхонаси, “Ибратли Бекам” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шаҳноза Ғаниевани танлов ғолиблигига муносиб кўрди.

– Бу хушхабар Янги йил арафасида мен учун кутилмаган совға бўлди, – дейди у. – Танловнинг олий ўрин совриндорига лойиқ топилганимдан беҳад хурсандман. Бундай ишонч мени янги мақсадларга ундайди. “Ибратли Бекам” нодавлат таълим муассасасига етакчилик қилиб, хотин-қизларимизни ҳунар эгаси бўлишга кўмак бермоқдамиз. Хусусий корхонамиз фаолияти эса бу ерда таълим олган қизларни иш билан таъминлашда қўл келмоқда.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг “Педагогика ва умумий психология” кафедраси ўқитувчиси, педагогика фанлари доктори Зуҳра Солиева биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

Иккинчи ўрин “Тахиатош ИЭС” корхонаси офис менежери Гулсара Жаллибековага, учинчи ўрин Сурхондарё вилотининг Бойсун тумани миллий ҳунармандлик маркази директори Ҳанифа Салимовага насиб этди.

Тантанали маросимда ғолиблар ва “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг билимли аёли”, “Йилнинг энг мурувватли аёли”, “Йилнинг энг тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Миллий қадриятларни улуғлаган йил аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”, “Ибратли оиланинг намунали бекаси”, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Саноатда саодат топган йил аёли”номинациялари совриндорлари диплом ва совғалар билан тақдирланди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА