Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанли тадбир давом этмоқда.
Меҳмонлар тўкин дастурхон устида, кўтаринки кайфиятда байрамни нишонламоқда. Элимиз ардоғидаги санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston 24» телеканали бўлим катта муҳаррири, ижтимоий тармоқлардаги «Микрофон кўтарган аёл» саҳифалари блогери, “Шуҳрат” медали соҳибаси Азиза Қурбоновани суҳбатга тортдик:
-Давлат ва жамият мендек битта чуғурчуқ қизни эъзозлаб, кўксимга медаль, қўлимга гулдаста бергани, тарихимга эътироф битгани учун миннатдорман. Давлат мукофотига лойиқмидим-йўқми, аниқ билмадим, аммо бу мукофот онамнинг орзулари, оиламнинг сабру қаноати учун деб ичимдан ҳис қиламан, дейди А.Қурбонова.
-Ниманингдир кўзга ташланиши учун нур тушиб ёруғлик бериши керак. Ҳаётимга кирган ва чиқиб кетган, ҳозир мавжуд бўлган барча инсонлар – яхши одамлар. Мен улардан яхшилик кўрдим. Атрофимда доим яхши инсонлар- оилам, кўнглимга яқинларим, ишим, жамоам…Омадим шундан.
Бу ажойиб халқ тўлқинида мен бир томчиман. Бугунча менинг томчимда Қуёш акс этди…
З.Жонибеков, О.Ғуловом(сурат), ЎзА