Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанли тадбир давом этмоқда.
Президентимиз нутқида “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аёлларимиз таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда эришилаётган натижалар хусусида ҳам сўз юритилди.
Гендер сиёсати масалаларига алоҳида тўхталиб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири сифатида жорий йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес форуми ўтказилади. Йиғилганлар буни олқишлар билан қўллаб-қувватлади.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ёшларимиз, жумладан, қизларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Айниқса, қизларимиз тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, иш жойига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрнини топишига алоҳида аҳамият беришимиз зарур. “Аёллар дафтари” бўйича бошланган ишлар бундан буён ҳам қатъий давом эттирилиши айтилди. “Маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш усули орқали ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб бориш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Давдатимиз раҳбарининг жорий йил 4 март куни қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун бир гуруҳ аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлан. 3 мартдаги Президент қарорига кўра, йигирма саккиз нафар фаол қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Ҳозирги кунда бундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар сони 339 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аксарият кўпчилиги ҳаётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Тантанали байрам тадбирида ушбу юксак мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, жойларда ўзининг касб соҳасида катта натижаларга эришган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган 297 нафар опа-сингилларга “Мўътабар аёл” нишонлари берилди.
Давлатимиз ўз нутқида мўътабар оналар, опа-сингилларимиз, дилбар қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни нафақат вазифа, балки инсоний бурч эканини алоҳида таъкидлади.
– Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади. Шунинг учун ҳам барчамиз – Президентдан тортиб энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар ана шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
З.Жонибеков, ЎзА