Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 4 март куни “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида юридик фан ва амалиёт учун белгиланган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда видеоконференция шаклида юридик соҳадаги илмий ва таълим муассасалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасаларининг юридик факультетлари профессор-ўқитувчилари, экспертлар, амалиётчилар ҳам иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлади.

2021 йил 1 январда Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида ўз вазифаларини бажаришга киришди. Анъанага кўра, Кенгашнинг баҳорги сессияси доирасида 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аъзо давлат раҳбари сифатида иштирок этди ва сўзга чиқди.

Давлатимиз раҳбарининг сессиядаги нутқи кенг жамоатчилик, халқаро ҳамжамият ва хорижий экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар яққол мисол бўла олади.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи кенгаш илмий тадқиқотлар ўтказиш, педагогик кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, изланишларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга ошириш билан боғлиқ долзарб муаммолар бўйича тавсиялар бериш ҳамда тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

– Жорий йил БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги кенг нишонланади, – деди Акмал Саидов. – Бугунги кунда БМТга аъзо 20 дан ортиқ давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий дастури қабул қилинган. Бу дунё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим масаласига эътибори кучайиб бораётганидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида энди таълим муассасалари учун “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари”, шунингдек, “Маҳбуслар ҳуқуқлари” бўйича ўқув қўлланмалари чиқарилади. Шунингдек, “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича қўшма магистратура йўналиши (консорциум)ни жорий қилиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида “Инсон ҳуқуқлари” ихтисослиги бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи кенгаш иш бошлади. Марказда Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбир иштирокчилари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига билдирилган бир қатор таклифлар юзасидан, хусусан, судьялар фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА