Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ва жорий йилда белгиланган вазифаларга бағишланган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция раҳбари Халилла Ешимбетов таъкидлаганидек,  ўтган йил давомидаги фаолият тасдиқланган иш режа ва дастурларда белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган. Депутатлар асосий эътиборни амалий ишларга, хусусан, жамиятимизнинг эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга қаратаётгани қайд этилди.

Шунга кўра, 2020 йилда 70 дан ортиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб чиқилган ва кўриб чиқилаётган Қонун лойиҳалари жой¬ларда муҳокама қилиниб, уларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан 50 дан ортиқ таклиф берилди. Жумладан, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Транспорт тўғрисида»ги “Таълим тўғрисида”ги Қонун лойиҳаларига тегишли таклиф берилган.

Бундан ташқари,  партиянинг Сайловолди дастурини ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида, 2020 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинди. Ҳар йили “йилга ном берилиши” муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурлари асосида, ушбу Ҳаракат дастурига тегишли қўшимчалар киритилиб, унинг ижроси мунтазам равишда амалга ошириб борилди.

Фракция аъзолари, ҳисобот даврида ушбу амалий Ҳаракат дастури ижроси бўйича йиғилишларида 4 та масала, 3 та масала тегишли қўмиталарда, 2 та масала сессия кун тартибига киритилишида иштирок этди. Шунингдек, фракция депутатлик назоратини изчил олиб боришга катта эътибор қаратди.

Қорақалпоғитон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан долзарб муаммолар юзасидан 25 марта давлат ҳокимият органларининг ахборотлари танқидий эшитилди ва уларнинг якунлари билан, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 апрель кунги видеоселектор йиғилишида кўтарган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил қилиш ва амалга ошириш ташаббусининг мазмун-моҳияти, ушбу ташаббусда билдирилган фикрларни кенг оммага етказиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик гуруҳлари томонидан карантин даврида амалга ошириладиган ишлари юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси ташаббуси билан, ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи эхтиёжманд оилаларга озиқ-овқат, гигиена ва дори воситалари етказиб беришни ташкил этиш, карантин қоидаларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда “Партия кўнгиллилари жамоалари”га партия кенгашлари масъул ходимларидан 28 нафари, маҳаллий Кенгашлар депутатларидан 84 нафари жалб этилди. Ўтказилган “Саховат ва кўмак” хайрия акциялари давомида 800 дан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли, карантин сабаб даромад манбасидан ажралган, ишсиз, боқувчисини йўқотган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари хайрия қилинди.

Ҳисобот даврида фракция аъзоларининг сайлов округларида бўлиб, ўз ҳудудидаги аҳоли билан мунтазам алоқа ўрнатишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада ўтган йил мобайнида фуқароларнинг 70 га яқин ёзма, оғзаки мурожаати қабул қилиниб, ҳозирга қадар уларнинг 90 фоизидан ортиғи ижобий ҳал этилди.

Бу борада амалга оширилган қатор ижобий ишлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам қайд этилди. Шунингдек, қўшма йиғилиш давомида 2021 йил Давлат дастури ижросини таъминлашда партия фракцияси ва депутатлик гуруҳлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев,

Мақсад ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА