Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтган 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири У.Сабуровнинг таъкидлашича, ўтган йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида 121,2 минг нафар аҳоли бандлигига кўмаклашилди. Шундан 32,3 минг нафари ишга жойлаштирилиб, 58,4 минг нафари жамоат ишларига, 1,2 минг нафари қишлоқ хўжалиги кооперативига жалб қилинди.
Бундан ташқари, 4,2 минг нафар кишига ишсизлик нафақаси тайинланиб, 1,9 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди. Булар учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 71,6 миллиард сўм сарфланди.
Жорий йилда эса, 82,5 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режаланмоқда. Шундан 35,1 минг нафари бўш (вакант) иш ўрнига, 13,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади, 3,2 минг нафари 22 та касб, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативига 4,2 миллиард сўм, шахсий томорқаларга 3,0 миллиард сўм, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга двалат рўйхатидан ўтиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун 529 миллион сўм субсидия ажратиш мўлжалланган.
– Жорий йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган «Ишга марҳамат» мономарказида жами 19 та касб ҳамда 3 та хорижий тил бўйича ўқув курслари ташкил этилади, – дейди вазирликнинг Касбга ўқитишни ташкил этиш шўъба мудири Рустем Қалжанов. –Натижада йилига 1,5 минг нафар фуқарони ўқитиш имкониятига эга бўламиз.
Амалга оширилган ишлар билан бирга бўш иш ўринлари бўйича маълумотларни яшириш, ажратилган субсидиялардан оқилона фойдаланмаслик каби айрим муаммолар ҳам қайд этилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА