Покистон Ислом Республикасининг «AKD Group», «Tahir Asad Industries» ҳамда «Farm Dynamics Pakistan» компаниялари вакиллари Қонликўл туманида бўлди.

Дастлаб туман ҳокими Абу-Бакир Ибрагимов билан учрашув ташкил этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудни ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Ҳар бир шаҳар ва туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос “ўсиш нуқта”си этиб белгиланиб, уларга вазирлар ва банклар бириктирилди.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳам муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикасининг 40 дан зиёд хорижий давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан музокаралар олиб борган эди.

Ушбу ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида ташриф буюрган меҳмонлар билан учрашувда туманнинг инвестицион салоҳияти, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Покистонлик тадбиркорлар “Қонликўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермерларнинг фаолияти билан танишди. Музокаралардан сўнг ҳудудда картошка ва “басмати” навли гуруч етиштириш бўйича келишувларга эришилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА