Халқаро валюта жамғармасининг Рон ван Руден бошчилигидаги миссияси мамлакатимиз иқтисодий ва молиявий ривожланишини таҳлил қилиш, фискаль ва монетар сиёсати йўналишлари билан танишиш мақсадида қатор вазирлик ва идоралар вакиллари билан онлайн-маслаҳатлашувга киришди.

Мазкур тадбир XВЖ келишув қоидаларининг IV моддасида кўзда тутилган йўсинда олиб борилади.

Миссия доирасида халқаро экспертлар Марказий банк раҳбарияти билан учрашди. Мулоқот чоғида макроиқтисодий сиёсат, пандемия даврида Марказий банк томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар, инфляция даражаси ва бу жараёнга таъсир қилувчи омиллар, инқироз шароитида банк тизими барқарорлиги ва дуч келинган муаммолар муҳокама қилинди.

Марказий банк раҳбарияти 2020 йилда оғир пандемия шароитига қарамасдан банк тизими барқарорлиги таъминлангани, кредит ташкилотлари ҳисобот даврини ижобий натижа билан якунлаганини таъкидлади. 2021 йил банклар молиявий барқарорлигини ўрганиш ва таъминлаш бўйича Марказий банк тузилмасида алоҳида департамент ташкил этилиши маълум қилинди.

Миссия раҳбари, ўз навбатида, Марказий банк томонидан олиб борилаётган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат самарадорлигини, Ўзбекистонда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлари таъминланаётганини эътироф этди.

Томонлар банк тизимини ислоҳ этиш, давлат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнида халқаро молия институтлари ва хорижий инвесторлар иштироки муҳим эканини таъкидладилар. Шунингдек, мулоқотнинг кейинги босқичларида ҳамкорликка оид бошқа йўналишларни белгилаш ва ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Миссия ўз фаолиятини 12 февралга қадар давом эттиради.

Марказий банк матбуот хизмати

ЎзА