Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Буюк Британиянинг “Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси” (GPGF) нодавлат ташкилоти томонидан Парламент комиссияси аъзолари учун Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан иккинчи онлайн тажриба алмашиш тренинги бўлиб ўтди.
Видеоконференция форматида ўтказилган тренингнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, мамлакатнинг ҳалқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳалқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишда миллий ва халқаро тажриба алмашишдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов, GPGF нодавлат ташкилоти эксперти Баронесса Элисон Сатти ва GPGF нодавлат ташкилоти директори ўринбосари Рианнон Холлислар тадбир иштирокчиларини самимий қутладилар.
Парламент комиссиясининг асосий вазифаси этиб инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, инсон ҳуқуқлари масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган. Шу билан бирга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахслари томонидан бажарилиши ҳолатини ўрганиш ва танқидий муҳокама қилиш ҳам муҳим вазифадир.
Анжуман давомида хорижий экспертлар томонидан давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва энг яхши амалиётлари бўйича маърузалар тингланди.
Парламент комиссияси давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ҳаракат режаларини, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини ҳамда БМТ тузилмаларининг тавсияларини бажариш бўйича ахборотини эшитиш юзасидан Олий Мажлис палаталарига таклифлар киритишга ҳақли.
Тренинг давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тизимлаштириш ва мажбуриятлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида мониторингларни олиб боришда гендер тенглик нуқтаи назардан қараш, инсон ҳуқуқлари соҳасида парламент назорати юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Тренингнинг навбатдаги сессияси жорий йилнинг 25 январь куни ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Нурилло Насриев, ЎзА