Уганда президенти, 76 ёшли Йовери Мусевени навбатдаги сайловда 58,64 фоиз овоз тўплади ва олтинчи муддатга қайта сайланди.

Бу ҳақида маҳаллий “NTV” телеканали сайлов комиссияси маълумотига таяниб хабар тарқатган.

Мусевени илк бор 1986 йил мамлакат президенти курсисини эгаллаган, шундан буён узлуксиз равишда сайловларда ғалаба қозониб, мамлакатни бошқариб келмоқда. 2019 йил Уганда олий суди мамлакат конституциявий судининг президент сайловида иштирок этиш бўйича даъвогарлар ёшини чегараловчи бандни бекор қилиш тўғрисидаги қарорини қонуний, деб топди.

Сайлов комиссияси бугун Мусевени президент сайловида ғолиб чиққанини эълон қилди. Уни 5,8 миллион киши, яъни 58,64 фоиз сайловчи ёқлаган. Асосий даъвогар, мамлакатда Боби Уайн номи билан танилган мухолифат вакили Роберт Кьягуланьи 34,83 фоиз ёки салкам 3,48 миллион фуқаронинг овозини йиға олган.

Аввалроқ Боби Уайн ҳарбийлар унинг уйини қуршаб олиб, муайян ҳудуддан чиқишига йўл қўймагани хусусида баёнот берган. У мамлакат аҳолисини амалдаги давлат раҳбарининг сезиларли устунлигидан дарак берувчи дастлабки натижаларни тан олмасликка ҳам чақирди. Кьягуланьи таъкидлашича, сайлов фирибгарлик руҳида, зўравонликка асосланган тарзда кечган ва аслида, ўзи яққол фарқ билан ютган.

Президент ва парламент сайловлари Угандада пайшанба куни, ўта кучли хавфсизлик чоралари қўлланган ҳолда ўтказилди. Сайлов олди кампанияси сўнгги йиллардаги энг кескин, можароли вазиятларга бой воқеа сифатида тарихга кирди. Хусусан, мухолифат вакиллари, тарафдорлари амалдаги ҳокимият томонидан қатағон сиёсати юритилаётгани, мухолифат ёқланган норозилик намойишлари зўравонлик билан бостирилаётгани, акция иштирокчилари ўлдирилаётгани, президентликка номзодлар, журналистлар, мухолифатчилар ҳибсга олинаётганини иддао қилишмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, Уганда президентлиги учун 11 номзод кураш олиб борди. Сайловларда қатнашиш учун жами 18 миллион киши рўйхатга олинган эди.

ЎзА