Давлатимиз раҳбари 2021 йил 14 январда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилди.
Унга кўра, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан, ўз вақтида ёки тўлиқ бажармаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг икки бараваридан беш бараваригача (446 минг сўмдан 1 миллион 115 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг беш бараваридан етти бараваригача (1 миллион 115 минг сўмдан 1 миллион 561 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
ЎзА