Американинг Сан-Диего шаҳри ҳайвонат боғида дунёда илк бор горилланинг коронавирусга чалингани қайд этилди.
«Сан-Диего сафари-паркида гориллалар гуруҳи аъзоларидан COVID-19га қарши тест олинди ва натижа мусбат чиқди. 6 январь куни иккита горилла йўтала бошлаган. 11 январда АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги миллий ветеринария хизмати лабораторияси таҳлили вирусни тасдиқлади», – дейилади боғ сайтида берилган хабарда.
Тахмин қилинишича, ҳайвонлар коронавирусни касаллиги белгисиз кечаётган парк хизматчисидан юқтириб олган бўлиши мумкин.
Бундан аввал коронавирус норкалар орасида ҳам кенг тарқалгани ҳақида маълумот тарқалганди. Ўтган йили Барселона ҳайвонот боғида арслонлар коронавирус билан касаллангани, АҚШда эса қор қоплони вирус юқтиргани ҳам маълум қилинган эди.
ЖССТ экспертлари ит ва мушуклар коронавирусга чалиниши мумкинлиги, лекин бундай ҳодиса жуда камлигини тасдиқлаганди.