Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат парламенти – Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси оптимистлар ниятига ҳамоҳанг янгради.

Ушбу кенг ҳажмли ва мазмунли ҳужжатда умумий ҳолатга берилган баҳо билан бирга аниқ хатти-ҳаракатлар режаси ҳам таклиф этилган. Кўплаб рақам ва далиллар таҳлил қилиниб, энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда фойдаланиладиган молиявий ресурслар миқдори муҳокама қилинган. Умумий баҳо ва алоҳида қарорларни бирлаштирган ёндашув қўллангани ҳокимият нафақат мамлакатдаги вазиятни яхши билишини, балки шаҳар, қишлоқ ва ҳаттоки, маълум бир маҳалла даражасида қилинадиган ишлар ҳажмини ҳам тушунишидан далолатдир.

Шахсан мен Мурожаатномага, аввало, Шавкат Мирзиёевнинг Президентлиги даврида амалга оширилган Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги ҳужжат ва бошқа қарорлар асосини ташкил қилган тамойиллар нуқтаи назаридан қарашни истардим.

Ҳукуматнинг барча даражаларида қарор қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва шаффофлик талаби, масалалар жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиниши таҳлил қилинаётган ҳужжатда аниқ намоён бўлган асосий тамойилдир. Парламент эшитуви, жамоатчилик муҳокамаси сингари демократик механизмлар кенг қўлланилиши, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ижобий роли эътироф этилаётгани,мамлакат аҳолисининг ҳукумат қарорлари ва бошқарув фаолиятини баҳолашдаги иштироки кўплаб жиддий муаммоларни четлаб ўтиш, назария ва амалиётга ўз вақтида зарур тузатиш киритиш имконини бериши вақт синовидан ўтган. Бундай сиёсат ҳақиқий демократия учун шароит яратади, қонун устуворлигини қарор топтиради.

Мамлакат сиёсий элитасида ижобий баҳо олиш, эътиборни жалб қилиш ва жамият томонидан кенг қўллаб-қувватланишга қаратилганига қарамай, Мурожаатномада жиддий муаммолар ҳам очиқ баён қилинган. Жумладан, ишсизлик, юз минглаб аҳоли (айниқса, қишлоқларда) даромади пастлиги, коррупция, бошқарув кадрлари етарли даражада тайёр эмаслиги ва бошқа камчиликлар жиҳатлар ҳақида сўз юритилди. Бу давлатнинг одамлар билан ҳалол ва очиқ мулоқот ўтказиш ниятида эканини тасдиқлайди.

Яна бир масала. Янги Ўзбекистонни барпо этишда мамлакат раҳбарияти ёшларга суянади. 2021 йил мамлакатда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилиниши буни яққол тасдиқлайди. Бу анъана илгари нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам қўлланган. Айни сиёсатнинг моҳияти ёшларнинг ўрта ва олий маълумот олиш имкониятини кенгайтириш, кам таъминланган оилалардан чиққан истеъдодли йигит-қизларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашдан иборат. Бизнингча, мамлакатда табиий фанлар бўйича ихтисослашган мактаблар очиш тўғрисида қарор қабул қилиниши, келгуси йилда физика ва чет тилларини ўқитиш таълимнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланиши ўзига хос танлов.

Мурожаатномада кадрлар тайёрлаш соҳасида ўз ваколатларини тасдиқлаган олий ўқув юртлари автономиясини кенгайтириш зарурлиги аниқ баён этилган. 2021 йил мамлакатдаги 30 етакчи университет мустақил равишда ўқув режаси ишлаб чиқиши, қабул квотасини белгилаши ва молиявий масалаларни ўзи ҳал қилиши режалаштирилмоқда. Олий таълим соҳаси вакили сифатида айтаманки, қабул қилинган ҳужжатда университетлардаги ҳаддан зиёд бюрократик тўсиқларни қисқартириш, ҳаммани чарчатган “қоғозбозлик”ни камайтириш истаги мужассам. Олий таълим муассасаларига илмий унвон ва илмий даража бериш ҳуқуқи тақдим этилиши дунё тенденцияларига мос келади.

Мурожаатномага юқорида таъкидланган ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойили сингдирилган. Етим болалар, имконияти чекланганлар ва даволанишга муҳтож инсонларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши белгиланган. Президент давлат маблағи камтарона бўлган шароитда ўзбек жамиятининг анъанавий инсонпарварлигига мурожаат қилди, Болаларни  қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этиш ҳамда Болалар омбудсмани тўғрисида  қонун қабул қилишни таклиф этди.

Мурожаатномада келтирилган иқтисодий блокнинг мазмуни, айни йўналишдаги ишлари амалга ошириш истиқболи хорижий экспертлар томонидан ҳали кўп муҳокама қилинади. Бу борада давлатнинг иқтисодиётдаги кичик ҳомийлигини камайтиришга қаратилган чақириқ, мамлакатда товар ва молия бозорида эркин рақобат яратиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни амалга ошириши учун фуқароларга кенг ва тенг шароит, имконият яратиш қайд этилгани аҳамиятли.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Мурожаатномада ички ўзгаришларга халақит бераётган ташқи тўсиқларга ишора йўқ. Президент душман қидирмайди, аксинча, пандемия даврида ёрдам берган халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ЖССТ, хорижий давлатлар раҳбарларига миннатдорлик билдиради. ЕИ, халқаро молия тузилмалари билан муносабатлардаги ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон ташқи оламда душман эмас, шерик қидирмоқда!

Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда белгиланган вазифаларни бажариш осон бўлмайди, деган фикрига ҳам қўшиламан. Шу билан бирга, оптимист сифатида, юритилаётган сиёсат туфайли миллионлаб халқингиз фаровонлиги юксалиши учун меҳмондўст Ўзбекистон кутилган муваффақиятларга эришишини тилайман. Ўзбекистоннинг ижобий тажрибаси ўтиш даврида “тўхтаб қолган” бошқа мамлакатлар томонидан, албатта, қўлланади. Бу мамлакатдаги ислоҳотларнинг миллий аҳамиятини намоён этиш баробарида, халқаро даражадаги эътирофидан ҳам дарак беради.

 

Виктор ШАДУРСКИЙ,

Беларусь давлат университети

Халқаро муносабатлар факультети профессори