Агар чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул ёки пластик карточкалар орқали тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки камайтириш ҳолатларига йўл қўйилса, бу ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш тартибини бузиш сифатида кўрилади

Бундай ҳолатда тадбиркорга энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралда қабул қилинган «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида нақд пул ёки пластик карточкалар орқали тўлов шаклига қараб сунъий равишда нархларни ошириш ёки камайтириш, назорат-касса машиналари, ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш, шунингдек, белгиланган тартибдаги талонлар ва харид чеклари берилиши, нақд пул тушумларини тўлиқ ва ўз вақтида инкассация қилиниши юзасидан ташкил этиладиган текширувлар Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши рухсатномаси асосида ўтказиладиган солиқ текширувлар ҳисобланмайди.

Бундай назорат тадбирларини амалга оширишда биринчи навбатда ҳуқуқбузарлик профилактикасига асосий эътибор қаратилиб, ҳужжатли текшириш ўтказиш қатъиян ман этилади.

 

ЎзА