Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг хабар беришича, жорий йил октябрь ойида ўзбекистонликларнинг ўзини ўзи иш билан таъминлаш даромадлари март ойидаги кўрсаткичдан 11 фоизга ошган. Иш ҳақи даражаси тикланишда давом этмоқда.

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Марказ Жаҳон банки билан биргаликда коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳоловчи сўровнинг октябрь ойидаги натижаларини сарҳисоб қилди.

Ушбу сўров фуқароларнинг фаровонлиги ва ҳукумат томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан жамоатчилик фикрини баҳолаш мақсадида «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» (Listening to Citizens of Uzbekistan, L2CU) лойиҳаси доирасида ўтказилади. Ушбу лойиҳа 1500 хонадон ўртасида ўтказилган сўровномалар орқали Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганишни назарда тутади. 2018 йилдан бери лойиҳа доирасида 27 та сўров ўтказилди. Сўнгги тур эса 2020 йил 21 октябрда бўлиб ўтган эди.

Унга кўра, аҳоли даромадлари ва меҳнат фаолияти соҳасида апрель ойида ўз ўзини иш билан таъминлашдан олинадиган даромад даражаси март ойига нисбатан 68 фоизга камайди. Сентябрь ойига келиб вазият барқарорлашди ва октябрь ойида якка тартибдаги иш билан бандлик даражаси март ойидаги кўрсаткичдан 11 фоизга ошди. Иш ҳақи даражаси ҳам жорий йилнинг октябрь ойида пандемия даражасидан бир оз юқорилигича қолди.

Меҳнат бозорида тикланиш кузатилди. Хусусан, жорий йил апрель ойида камида битта ишлайдиган оила аъзоси бўлган хўжаликларнинг улуши 2019 йилнинг тегишли даврига нисбатан 40 фоиздан ортиқ, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан эса 33 фоизга камайди. Октябрь ойида тикланиш жараёни давом этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайиш атиги 5 фоизни ташкил этди.

«Ишини йўқотган ёки тўхтатган» ҳолатлар сони апрель ойида 11 фоизни ташкил этди, кейин вақтинча пасайиш кузатилди. Июль ва август ойларида «ишини йўқотганлар ёки ишламай қолганлар»нинг улуши октябрда 2 фоизгача камайиб, яна ўсишни бошлади. Иш билан таъминлашдаги узилишлар асосан, ўз ўзини иш билан банд қилганлар орасида кенг тарқалган. Шундай қилиб, апрель ойида ўзини ўзи иш билан банд қилганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 67 фоизга камайди ва августгача 30 фоиз даражасида қолди ҳамда октябрь ойида 14 фоизга тушди. Ўзини ўзи иш билан таъминлашнинг пасайиши қишлоқ жойларга қараганда шаҳарларда оғирроқ бўлган. Ўзини ўзи иш билан банд қилганлардан фарқли ўлароқ, июнь ойида иш ҳақи олган ишчиларнинг иш билан бандлик даражаси 2019 йил даражасига етди ва эркаклар орасида аёлларга қараганда тезроқ тикланди.

Молиявий фаровонлик соҳасида респондентларнинг 13 фоизи пандемиядан сўнг тўғридан-тўғри ёрдам олганлигини маълум қилди. Ёрдам олиш даромадларнинг паст даражаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу дастурларнинг заиф оилаларга фойда келтирганлигини кўрсатади.

Миграция ва пул ўтказмалари соҳасида жорий йилнинг октябрь ойида пул ўтказмалари оладиган   хўжаликларнинг улуши ўтган ойга нисбатан деярли ўзгармади, аммо 2019 йил кўрсаткичидан паст бўлмоқда. Aпрель ойида ҳар қандай пул ўтказмаларини олган оилалар улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар камайди, май ва август ойларида бироз тикланди. Пул ўтказмалари олганлар орасида апрель ойида 2019 йилнинг шу даврига нисбатан жами пул ўтказмалари қиймати 67 фоизга пасайган. Жорий йилнинг октябрь ойида ушбу кўрсаткичнинг пасайиши ўтган йилнинг жорий даврига нисбатан 16 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, карантин чекловлари туфайли авиа парвозларининг қисқариши натижасида расмий пул ўтказмалари ўзгариши билан боғлиқ пул ўтказмалари ҳажми 3 фоизга пасайганлигини кўрсатди.

Инсон фаровонлиги соҳасида апрелдан октябргача одамларнинг ҳаётдан мамнунлигини баҳолаш сезиларли яхшиланишни кўрсатди. Хусусан, шу йилнинг июнь ойида ўз ҳаётидан мамнун бўлган одамларнинг улуши апрель ойига нисбатан 1,2 фоиз даражага камайди ва октябрь ойида 1,3 фоизга ўсди.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА