Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Чимбой туманида “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми ўтказилди.

Тадбирда партиянинг туман кенгаши ходимлари ҳамда депутатлари, мутасадди ташкилот вакиллари, тадбиркорлар ва тадбиркорликни энди бошламоқчи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.

Форум доирасида тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти кредит масаласи бўлди.

Жумладан тадбиркорликни энди бошламоқчи бўлган “Темир йўл гузари” маҳалла фуқаролар йиғинидан Саламат Ешбаев иссиқхона қуриш учун олган ерига сармоя йўқлиги боис банкдан имтиёзли кредит олиш бўйича мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан “Халқ банк”и туман филиали ходимлари томонидан ҳозирги кундаги мавжуд кредит турлари ва уларни олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар бўйича батафсил маълумот берди.

Ўз тадбиркорлигини энди бошламоқчи бўлган “Бахтли” овул фуқаролар йиғинидан “Темир дафтар”га киритилган Маржан Матекеева 2 та тикув машинасини олиб, ўзини-ўзи банд қилиш учун “Агро банк” туман филиалидан 12 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишда ёрдам беришини сўради. Мурожаат шу ернинг ўзида банк ходимлари томонидан ижобий ҳал қилинди ва тез кунлар ичида кредит чиқариб бериладиган бўлди.

Форум доирасида тадбиркорларнинг 10 га яқин мурожаати тингланди. Улардан аксарияти жойида ҳал қилинган бўлса, айримларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқишга келишиб олинди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА