Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари аҳоли орасида кенг муҳокама этилиши ва фуқаролар билан боғлиқ муаммолар сайёр судларда кўриб чиқилиб, жойида ижобий ҳал қилиниши натижасида мамлакатимизда жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,6 фоиз камайган.

Ички ишлар органлари ходимлари олти миллиондан ортиқ хонадонга бориб, улардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда бартараф этиш чораларини кўрди. Оилаларда келиб чиқаётган турли муаммоларга эътибор қаратилиб, содир этилган қарийб 13 минг ҳуқуқбузарлик ҳолати маҳаллаларда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда муҳокама қилинди.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида маълумот берилди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишлаб ўтказилган анжуманда Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Анжуманда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Президентимиз томонидан ҳар ҳафтанинг пайшанбаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни деб эълон қилингани самарасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга эришилмоқда.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишда маҳалла имкониятларидан, профилактика инспекторлари иш фаолиятидан кенг фойдаланилмоқда. Профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини ва масъулиятини ошириш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитини яратиб бериш чоралари кўрилаётир. Профилактика инспекторлари жамоатчилик вакиллари билан биргаликда фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш йўлида туну кун хизмат олиб борганлиги натижасида жорий йилда қарийб 1 минг 100 маҳаллада жиноят содир этилмади.

Матбуот анжуманида оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида муҳокамалар ўтказилиб, оилалардаги нотинчликларга барҳам берилиб, оилавий ажралишларнинг олди олинганлиги қайд этилди. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилишини таъминлаш мақсадида қарийб 6 минг сайёр қабул ва учрашув ташкил этилиб, аҳоли ўртасида юзага келаётган муаммолар муҳокама қилинди. Аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардор қилиш, уларнинг огоҳлигини кучайтириш, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида маҳаллаларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сайёр судларда кўриб чиқилиши жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга ички ишлар органлари ходимлари жавоб қайтарди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА