Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Қорақалпоғистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов барчани 1 декабрь – Қорақалпоғистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 31 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, соҳалардаги ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барчамизга маълум, тил – бу халқнинг тарихини, маданий меросини, турмуш тарзини, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинадир. Мана, сўнгги 4 йил ичида юртимизда она тилимизни асраб-авайлашга, уни янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг мисоли тариқасида қорақалпоқ тилидаги янги дарсликлар билан қўлланмаларнинг, бадиий китобларнинг, монографияларнинг нашрдан чиқарилаётгани, она тилимизни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётгани, Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган ижод мактабининг очилганини қайд этиш мумкин. Шунингдек, Хитой ва Қозоғистон давлатлари билан бир қатор халқаро лойиҳалар асосида ишлар йўлга қўйилгани, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимининг жорий этилиши, муққадас китобимиз – Қуръон маъноларининг ва бошқа бир қатор диний китобларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималари нашр этилгани, она тилимизнинг тозалигини сақлашда муҳим ўрин тутадиган лотин имлосидаги “Қорақалпоқ тилининг орфографик луғати” чоп этилиш арафасида тургани – буларнинг барчаси она тилимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, яқиндагина Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан “Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги обрўси ва нуфузини янада ошириш чоралари тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш, «Давлат тили тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиш, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, «Қорақалпоқ тили байрами куни»ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, шунингдек, 2021-2030 йилларда қорақалпоқ тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастурини ишлаб чиқиш сингари бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.

Албатта, ташкил этилаётган бу департамент она тилимизни янада ривожлантиришда, унинг нуфузини янада оширишда, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин эгаллайди.

Тадбирда олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча халқларнинг тилини, миллий урф-одат ва анъаналарини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Хўжайли туманидаги 29-умумтаълим мактабининг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ таълими аълочиси Гавхар Ембергенова. – Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг 31 йиллик байрами “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим!” шиори остида ўтказилаётганида ҳам чуқур маъно бор.

Тантанали мажлисда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА