Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Коррупцияга қарши кураш – барчамизнинг вазифамиз“ атамасида учрашув бўлиб ўтди.
“Коррупция – миллат кушандаси“ шиори остида ўтказилган тадбирда сўзга чиққанларнинг таъкидлаганидек, бу иллатга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, балки баршамизнинг вазифамиз ҳисобланади. БМТ нинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида“ги конвенциясида белгилаб қўйилганидек, коррупция – бу жамиятни қинғир йўллар билан қармоғига илинтирувчи хавфли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устунлиги асосларига зарар етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, уюшган жиноят, терроризм ва бошқа иллатларнинг авж олиши учун замин яратади.
Коррупция жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилиб, юртимизнинг конституциявий асосларининг амалга оширилишига, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига хавф солади. Шу сабабли унга қарши курашиш ер юзининг барча мамлакатларида долзарб масалаларнинг бири бўлиб келмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам, қонун устун бўлган ҳар қандай жамиятда тараққиёт, ривожланиш бўлади. Инсонларда буюк келажакка умид туйғуси пайдо бўлади. Давлат органлари ишида коррупцияга йўл қўйилса, мамлакатнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб, уларга бўлган ишончсизликнинг ортишига олиб келади. Бу ҳақида давлатимиз раҳбари “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан ривожланишимиз учун тўсиқ бўлмоқда“, – деб таъкидлаган эди.
Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида, туман ва шаҳар давлат хизматлари марказларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ходимларни ҳалолликка, адолатли бўлишга ундовчи тадбирлар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда.
Учрашув сўнгида коррупция йўлига кириб қолганларнинг аянчли ҳаётига бағишланган видеофильм намойиш этилди. Бундай тадбирлар ходимларни ҳалол меҳнат қилишга, ёт иллатлардан узоқ бўлишга ундайди.
Маҳлиё РУСТАМОВА,
ҚДУ Қорақалпоқ тили филологияси ва журналистика факультети 4-курс талабаси
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги