“Жиззах-Самарқанд” йўналиши бўйлаб “Nexia” автомобили кузатувида ҳаракатланаётган «ГАЗ-53» русумли юк автомашинаси “Сангзор-15” йўл-патруль хизмати ходимларида шубҳа уйғотди. Постда тўхтамасдан ўтган юк машинасини тутишга ҳаракат қилган ички ишлар ходимларига иккинчи машинадаги шахслар жиддий қаршилик кўрсатди. Орқадан таъқиб қилиб келаётган ҳаракат хавфсизлиги хизмати машинасининг йўлини тўсиб, юк машинасининг қочиб кетишига шароит яратишга ҳаракат қилди.

Шубҳали автомашиналардаги шахсларни қўлга олиш учун вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари “тўсиб ушлаш” тадбирини амалга оширишига тўғри келди. Тадбир давомида таъқиб қилинаётган шахслар ички ишлар ходимларига фаол қаршилик кўрсатишда давом этди.

Йўл-патруль хизмати ходимларининг шубҳаси асосли бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, назоратдан қочишга ҳаракат қилган шахслар “Газ-53” автомашинасида қўшни вилоятга катта миқдорда селитра ўғитини ноқонуний олиб чиқиб кетаётган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА