Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, бу борада ечимини кутаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” доирасида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, қатор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.
Халқаро пресс-клуб сессиясида журналистлар тиббиёт, таълим соҳаси, коммунал тўловлар тизимида ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди.
Коррупциянинг олдини олиш мақсадида таълим тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш яхши самара бермоқда. 2017/2018 ўқув йилида илк бор олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари онлайн режимда ўтказилди. Бу жараён келгусида янада такомиллашмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилади. Натижалар тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Бу тизимда ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тиббиёт муассасаларида, хусусан, туғруқхоналарда таъмагирликнинг олдини олиш мақсадида «ишонч телефонлари» хизмати йўлга қўйилган. Табиий газ ва электр энергияси учун тўловларнинг энг қулай, ишончли тизими яратилди.
Тадбир доирасида мактаб, академик лицей ва коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ўзбекистон ёшлари коррупцияга қарши” шиори остида ўтказилган расмлар ва иншолар кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.