Қорақалпоғистондаги 4 та мактаб PIRLS - халқаро тадқиқот дастурида иштирок этди

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 31-умумтаълим мактабида Progress In International Reading and Literacy Study (PIRLS)-бошланғич синф ўқувчиларининг ўзбек тилида матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқот дастурининг тажриба-синов жараёни ўтказилди.
Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасидаги 2019 йил 19 мартда имзоланган келишув асосида ташкил этилмоқда.
Мамлакатимиз бўйича иштирок этадиган 28 та, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидан 4 та умумтаълим мактаби IEA Гамбург идораси томонидан тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинди. PIRLS тажриба-синов жараёнлари учун 11 та шаҳар ва 17 та қишлоқ ҳудудидан танлаб олинган мактабларнинг жами 1 минг 500 нафарга яқин ўқувчиси ўқиш саводхонликлари бўйича баҳоланади. Тажриба-синов муддати кечиктирилгани боис истисно тариқасида 5-синф ўқувчилари иштирок этмоқда.
Юртимизда илк бор ташкил этилаётган нуфузли тадқиқотнинг тажриба-синов жараёнлари 2021 йил бўлиб ўтадиган асосий тадқиқот “Data collection”га тайёргарлик кўриш имконини беради. PIRLS тажриба-синов жараёни шунингдек, Қораўзак туманидаги 13- ва 28-умумтаълим мактабларида қорақалпоқ тилида, Амударё туманидаги 28-умумтаълим мактабида ўзбек тилида ўтказилди.
photo_2020-10-23_15-28-21 (2).jpg
photo_2020-10-23_15-28-21.jpg
photo_2020-10-23_15-28-22.jpg

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар, ЎзА