Бугун, 12 октябрь кунидан эътиборан республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун ўтказилган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра талабаликка тавсия этилганлар учун ўқув жараёни билан таништирув ҳафталиги бошланди.

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида махсус график асосида таништирув дарслари анъанавий тарзда ташкил этилмоқда. Графикга кўра, мазкур дарслар ҳар бир гуруҳ учун 3 кундан кўп бўлмаган вақтда амалга ошириш белгиланган. Таништирув дарслари кунига 2 жуфтликдан, ҳар бир жуфтлик оралиғида 10 дақиқалик танаффус билан иккига бўлинган ҳолда ўтказилмоқда.

– Таништирув дарсларида 1-курс талабаларига институт тарихи, ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби, тўлов-контракт шартлари, ўтиладиган дарслар, профессор-ўқитувчилар тўғрисида умумий маълумотлар берилмоқда, – дейди институт ўқув ишлари бўйича проректори М.Жумамуратов. – Шунингдек, талабаларга масофадан ўқитиш тизими ҳамда ундан фойдаланиш платформаси, масофадан ташкил этиладиган дарсларда иштирок этиш бўйича семинарлар ўтилиб, кўникмалар берилмоқда.

 

Профессор-ўқитувчилар «COVID-19» коронавирус текширувидан ўтказилиб, манфий натижа кўрсатган ўқитувчилар таништирув дарсларида талабаларга дарс ўтмоқда.

Карантин қоидаларига асосан, аудиторияларни дарслар бошланмасдан олдин ва дарслар якунлангач дезинфекция қилиш, парталар ва ўриндиқларнинг юзасини махсус дезинфекция воситалари билан тозалаш ишлари йўлга қўйилган.

 

Таништирув дарслари якунлангач масофадан ўқитиш орқали талабаларга ўқув режасида белгиланган фанлар бўйича онлайн дарслар бошланиши режалаштирилган.

 

Маълумот учун, бу йилги ўқув йилида Нукус давлат педагогика институтига умумий бакалавриатнинг кундизги таълим йўналишларига 2125, сиртқига 1400 ва кечки таълим йўналишларига 100 талаба қабул қилинди.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.