Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда таъкидланишича, инсон организмида рух, яъни цинк моддаси танқис бўлса, аввало сезиш қобилиятлари – кўриш, ҳид ва таъм билиш издан чиқар экан. Бу эса, ўз навбатида иштаҳа йўқолишига, овқат ҳазм қилишнинг бузилишига, шапкўрлик каби касалликларга олиб келиши мумкин.
– Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши рух етишмаслигининг асосий белгиларидир, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби азоси Барно Одилова. – Соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши, суякларнинг мўрт бўлиб, ревматизм ва артрит касалликлари келиб чиқиши ҳам рух етишмаслиги туфайли келиб чиқади.
Мутахассис касалликнинг олдини олиш учун таркибида рух элементи кўп бўлган табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар, зираворлар, дуккакли дон маҳсулотлари ҳамда улардан тайёрланган миллий таомларни мунтазам истеъмол қилишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, узум ва тут шинниси, ўрик ва аччиқ бодом данаги, қора майиз, туршак, ёнғоқ, кепакли нон, сумалак, картошка, помидор, нўхат, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда тухум сариғининг таркибида рух моддаси кўп.
Моҳигул Қосимова, ЎзА