Мамлакатимизда барча соҳалар каби илм-фан ва таълим тизимдаги амалга оширилаётган ислоҳотлар кундалик ҳаётимизда ўзининг муҳим натижаларини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаннинг ролини янада ошириш, инновацияларни кенг жорий этиш, жумладан, математика, кимё, биология ва геология соҳаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда ушбу фан соҳаларининг ривожига қаратилган бир қатор Президент фармон ва қарорлари, шу асосдаги бошқа қонун ости меъёрий ҳужжатлари қабул қилинди.

Ушбу салмоқли ишларнинг мантиқий давоми сифатида яна бир муҳим ҳуқуқий ҳужжат – Ўзбекистон Реупсбликаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4805-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор соҳадаги йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни комплекс равишда ечим топиб берди, фанларнинг ўқитилишидан тортиб иқтисодиёт тармоқларининг тараққиётидаги ўрнигача, шунингдек бажарилиши лозим бўлган вазифаларнинг босқичлари, кўлами ва механизмлари аниқ кўрсатиб берилди. Қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Шу билан бирга Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ушбу мактаблар мақомига тенглаштириладиган бўлди.

Муайян мамлакатнинг иқтисодий қудрати унинг саноати, табиий ресурсларнинг чуқур қайта ишлаш технологияларига эга эканлиги нуқтаи назаридан баҳоланса, кимё ва биология фанларининг аҳамияти янада ойдинлашади.  Шунинг учун қарорда мазкур фанларнинг ўқитилишига алоҳида урғу берилган, яъни ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактаблар келгусида умумий ўрта таълим тизимида бутунлай янги босқични бошлаб беради. Шунингдек, кимё ва биология фани бўйича иқтидорларни эрта аниқлаб, аниқ мақсад сари йўналиштириш, пировардида етук малакали кадрлар тайёрлашга замин яратади. Қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, келажакда  кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилиши белгилаб берилди.

Барчамизга малумки, шу пайтгача муайян фан соҳалари, жумладан кимё ва биология фанларининг йирик мутахассислари, соҳа бўйича кадрлар тайёрлайдиган илмий ва ўқув муассасалари, шунингдек саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари тарқоқ, ягона мақсад асосида бирлашган тизим сифатида шаклланмаган эди. Эндиликда ана шу тарқоқликка барҳам берилиб, умумий ўрта таълимдан тортиб, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, манфаатдор бўлган йирик корхона ва ташкилотларгача ҳакорлик механизм яратилди, уларнинг ўзаро интеграцияси учун мустаҳкам замин яратилди.

Кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини қўшимча молиялаштириш, уларни жиҳозлаш, ўқитувчиларга устама ҳақ тўлаш ҳамда кимё ва биология фанларини ўқитиш бўйича бошқа тадбирларни молиялаштириш учун махсус жамғармаларнинг ташкил этилиши белгиланган вазифаларнинг ўз муддатларида ва сифатли амалга оширилишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Шунингдек, ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрларининг ижтимоий қўллаб-қувватланиши эса ушбу соҳа вакилларига ғамхўрлик намунаси ва жамиятда уларнинг мавқеини юксалтирадиган омил сифатида баҳоланади.

Президентимизнинг ушбу қарорини олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари катта мамнуният билан кутиб олди. Қарор ижроси натижасида кимё ва биология соҳаси бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ва салмоқли илмий изланишлар олиб боришда жуда катта ижобий натижаларга эришилади.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу қабул қилинган дастуриламал ҳужжат кимё ва биология фанларининг тараққий этиши, соҳа мутахассисларининг чексиз иштиёқ билан меҳнат қилишлари, энг асосийси халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

М.Ибрагимов,

А.Реимов,

ЎзЛиДеП аъзолари.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги