Амударё тумани ФҲДЁ бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси С.Турманов, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Ж.Содиқов, Амударё тумани ҳокими С.Йўлдошев ва бошқалар мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизмат сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, деб белгилаб қўйилган. Замонавий ва миллий архитектура уйғунлигида барпо этилган мазкур “Бахт уйи” Бош қомусимизнинг оила хусусидаги ана шу кафолатини таъминлашга хизмат қилади.

6.JPG

Лойиҳа қиймати 1 миллиард 254 миллион сўм бўлган замонавий бинода тантаналар зали, архив, “оила дорилфунуни”, ота-оналар, никоҳланувчи ёшлар билан учрашувлар ўтказишга мўлжалланган хоналар, ходимлар учун алоҳида ва бошқа маиший-хўжалик хоналари, келин-куёвлар салони бўлиб, барчаси зарур жиҳозлар билан таъминланган.

5.jpg

– Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида замонавий ва кўркам бинога эга бўлдик, – дейди туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Санобар Холбоева. – Аҳолига тезкор ва юқори малакали юридик хизмат кўрсатиш имкониятимиз янада кенгайди. Бизга мурожаат қилаётган фуқаролар учун барча қулайлик яратилди.

Шу куни янги “Бахт уйи”да биринчи никоҳ қайд этилди – Аҳмаджон Тўлибоев ва Шоҳиста Оллабергановага никоҳ гувоҳномаси топширилди.

Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллиги байрами арафасида тумандаги 1-давлат нотариал идорасининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА