Эшик олдида турган йигит хонадон соҳибасига ўзини газ идорасиданман, деб таништирди. Мезбоннинг таклифини кутмай остона томон қадам қўйган одамни уй бекаси беихтиёр ошхона томон бошлади. Бу ерда газ плитасига кўзи тушмагач, «текширувчи» дарров «қоидани бузибсиз-ку!», деди.
Газ плитасининг ошхонадан балконга кўчирилгани белгиланган қоидага зидлигини ўзи ҳам яхши билган Лола опа айб устида қўлга тушганидан хижолат бўлиб, довдирай бошлади. Шуни кутиб турган ходим энди аста «ҳужум»га ўта бошлади. «Энди уйингизни газ тармоғидан узамиз, ўзингизга каттагина жарима ёзаман». Йўқ жойдан чиққан ташвишдан ҳуши бошидан учай деган бека эса қаршисидаги йигит ҳақиқатан газ идорасининг ходимими ёки йўқми, буни ўйлаб ҳам кўрмай, унга ялинишга тушди: «ундай қилманг, ука, бирор йўли бордир, ахир?»
Шу саволни кутиб турган «текширувчи» дарров муддаога ўтди: «Майли, сиз учун бир иложини қиламиз. Сизга ўзи 1,5 миллион сўм жарима ёзишим керак эди. Лекин ярмини берсангиз, қолганини ўзим тўғрилайман, газингиз ҳам узилмайди». Аёзли кунларда гази узилмаслигини эшитишнинг ўзиёқ аёлга катта мадад бўлди. У ҳеч иккиланмай айтилган пулни олиб чиқди.
Орадан икки кун ўтиб пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи бу аёлнинг эшигини яна газ идораси ходимлари тақиллатди. Аёл шундагина фирибгарга чув тушганини англади. Л.Алиеванинг аризаси асосида ҳуқуқ-тартибот органлари тезкор-суриштирув ишларини олиб борди. Кўп қаватли уйнинг ён-атрофини лентага муҳрлаган видеокузатув мосламаси хотирасини кўздан кечириш натижасида фирибгарнинг шахси аниқланди. У Яшнобод туманида истиқомат қилувчи Ж.Ҳ. бўлиб чиқди. Унга нисбатан тегишли органлар томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Аслида бундай бўлмаслиги мумкин эди. Аёл эшикни очгач, келган одамнинг ҳужжатини сўраши, бор бўлса, туман газ идорасига қўнғироқ қилиб, шундай шахс ишлайдими ёки йўқми аниқлаши лозим эди. Эътирозларни қонунан ҳал этишга ҳаракат қилиши, жарима тўлаши зарур бўлса, тегишли квитанция ёзиб беришни талаб қилиши шарт эди.
Булар ҳаётда талаб этиладиган жуда оддий қоида ва шартлар. Лекин айрим соддадил юртдошларимиз буни арзимас икир-чикир, деб ўйлайди. Шундан кўра кўз ўнгида турган одамга ишониб қўя қолади. Баъзилар қонунни четлаб бўлса ҳам озгина фойда кўрсам, дейди. Лекин кейин икки баравар зиён кўришини тарозига солиб кўрмайди.
Ёз бўйи хонадонидаги дераза ромларини замонавийсига алмаштириш ўйида юрган Дилнора бунга гоҳида вақт, гоҳида маблағ тополмади. Ҳаво совий бошлаганда ўзини койиб юрган ҳам эдики, кўчада пластик ром ўрнатадиган уста билан танишиб қолди.
«Уста қайси фирма ёки цехда ишлайди, унга ишонса бўладими?» Бу саволлар сув ва ҳаводай зарур бўлиб турган пластик ромлар олдида Дилнора учун арзимас бўлиб туюлди. Ҳеч иккиланмай Г.Ага 3 миллион сўм бериб юборди. Ваъда қилинган муддат ўтди, лекин устадан дарак бўлмагани етмагандай, у аёлнинг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйди. Чув тушганини билган аёл энди бояги саволлар ҳақида ўйлади, лекин энди кеч эди. Яхшиямки, устанинг телефон рақами бор эди. Ҳуқуқ-тартибот органлари шу орқали фирибгарнинг шахсини аниқлади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар таҳлилига назар ташланса, улар орасида автотранспорт воситалари билан боғлиқ ҳолатлар кўплиги аён бўлади. Одамлар енгил автомобиль сотиб олиш учун йиллаб пул жамғаради. Уни олишга келганда эса расмий дилерлар қолиб, бу борада ёлғон ваъдалар беришга устаси фаранг бўлиб кетган одамларга мурожаат қилади.
Юнусободлик М.Ҳ. «Каптива» олиш илинжида юрган Файз Баҳромовга шундай ваъдалар қилдики, мижоз унинг гапларидан ўзини орзусидаги машинани бошқараётгандек ҳис этди. Унга қандай қилиб 24 минг 500 АҚШ долларини санаб берганини ўзи билмай қолди. Аммо орадан ойлар ўтса ҳам Файзнинг орзуси орзулигича қолиб кетди…
Яна шундай ҳолатлар борки, баъзилар енгил машиналарини кейинчалик расмийлаштириб бериш шарти билан қимматроқ нархда ижарага беради. Орадан ойлар ўтади, мулкдор ижара ҳақини қуртдай санаб олаверади. Маррага сал қолганда эса арзимас келишмовчиликни рўкач қилиб машина эгаси ваъдасидан тонади, яъни машинасини қайтариб олади. Оғзаки келишувга асосланган битим эса ўз-ўзидан йўққа чиқади. Бирор-бир ҳужжатда қайд этилмагач, ижарага олувчи додини кимга айтишни билмай, пулига куйиб қолаверади.
Ҳа, ён-атрофимизда мана шундай алданиб қолаётган, пешона тери эвазига топган даромадидан айрилиб қолаётганлар кам эмас. Жорий йилнинг 10 ойида мамлакатимиз бўйича фирибгарлик ҳолати билан боғлиқ қарийб 8 минг ҳолат аниқланган. Бу нафақат шунча одам, балки шунча оила алдов қурбони бўлиб, моддий зарар кўрганини англатади. Чунки фирибгарларнинг асосий фаолияти ўзгаларнинг мол-мулкини, маблағини эгаллашга қаратилади.
Шу боис ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалага эътибор қаратар экан, фирибгарликни оғриқли мавзу, деб таъкидлади. Кўрилаётган чораларга қарамасдан, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни кескин камайтиришга эришилмаяпти. Бундай жиноятларнинг асосий сабаблари фуқаролик муносабатлари қонун доирасида амалга оширилмаганлигига бориб тақалади. Оқибатда бу содда одамларнинг жиноят қурбони бўлишига олиб келмоқда.
Бу фикрлар айтилганига бир ойдан ортиқроқ вақт ўтди. Фирибгарликка барҳам бериш, унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда бу мавзуга кенг ўрин берилмоқда.
Хўш, қандай натижага эришилди? Афсуски, аввал ҳам бир ойда ўртача 700 дан ортиқ фирибгарлик ҳолати қайд этилган бўлса, кейинги бир ойда бу борада деярли ўзгариш бўлмади. 11 ой якуни бўйича 8 минг 617 фирибгарлик ҳолати қайд этилди.
Яна шу соддалик, ишонувчанлик оқибатида одамларимиз фирибгарларнинг тегирмонига сув қуйишда давом этмоқда.
Ўзи фирибгарлар қаерда пайдо бўлган, деган ҳақли савол туғилади. Ўзбекистон психологлар ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Шоира Исоқованинг айтишича, одам ўз-ўзидан фирибгар бўлиб қолмайди. Бу инсоннинг болалик, айниқса, ўсмирлик даврида қандай тарбия олганига бориб тақалади. Айрим ота-оналар фарзандининг ёлғон гапиришини билса-да, бунга жиддий эътибор қаратмайди. Бировнинг нарсасини уйга олиб келса, бунга парво қилмайди. Боланинг шахс бўлиб шаклланиш даврида унинг эътиборсиз қолиши феъл-атворида шундай ўзгаришлар ясайдики, у меҳнат қилмасдан, бировлар ҳисобига яхши яшаш мумкин, деган фикрга боради. Бу фикр шахснинг ҳаракатини бошқара бошлайди ва қарабсизки, бир фирибгар пайдо бўлади.
Фирибгарлар тузоғига тушмаслик эса аслида одамларнинг ўзига боғлиқ. Онгли, ҳушёр ва ҳуқуқларини яхши билган инсонлар бу тузоққа илинмайди. Шундай экан, ҳар биримиз олдимизга эзгу мақсадлар қўяр эканмиз, уларга тўғри йўл орқали, яъни меҳнат қилиб, қонун доирасида эришишга ҳаракат қилсак, фирибгарларга ҳаётимизда ўрин қолмайди.
Давлатимиз раҳбари нотариат тизимидаги бюрократизм ва сансоларлик ҳолатларига чек қўйиш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали нотариал хизматлар кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Бу фуқароларга пул, кўчмас мулк, автотранспорт воситалари билан боғлиқ ҳар бир ҳаракатни нотариал идорада тасдиқлатишга кенг имконият яратади. Қўлида қонуний ҳужжати бор одам эса ҳеч қачон алданиб қолмайди.