Сума Чакрабарти: уч йиллик ҳамкорлигимиз самарали бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги ушбу молиявий институт делегациясини қабул қилди.

Учрашувдан сўнг Сума Чакрабарти қуйидагиларни сўзлаб берди:– Аввало, Европа тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатингизда кенг кўламда олиб борилаётган иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон билан уч йиллик ҳамкорлигимизни нишонламоқдамиз. Мамлакатингиз иқтисодиётига киритган инвестициямиз ҳажми 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Жалб қилинган сармоя турли соҳаларда 33 лойиҳани амалга оширишга қаратилган. Биргаликда яна кўплаб қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқчимиз. Ўзбекистон, айниқса, хусусийлаштириш соҳасида янада жадал ривожланиши зарур.

ЕТТБ хусусийлаштириш соҳасига янада кўпроқ инвестиция киритиш ниятида. Бу, жумладан, корхона ва банкларни хусусийлаштиришга йўналтирилади. Биз табиий ресурслар, тоғ-кон саноати, газ ва энергетика соҳаларида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширамиз.

Айни пайтда асосий эътиборни нафақат пойтахт, балки вилоятлардаги лойиҳаларга қаратмоқдамиз. Андижонда ваколатхонамиз мавжуд. Жорий йилда Урганч шаҳрида ҳам ваколатхона очиш ниятидамиз. Ваколатхоналаримиз маҳаллий саноатни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳар томонлама хизмат қилмоқда. Сўзим сўнгида, ҳамкорлигимиз барқарор ривожланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

 

З.ЖОНИБЕКОВ ёзиб олди, ЎзА