Қорақалпоғистон Республикасида «Йил талабаси – 2019» республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан 2019 йил 15 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури»да белгиланган вазифалар ижроси доирасида «Йил талабаси – 2019» республика танлови ғолибларини тақдирлаш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган эди.
Мамлакатимизнинг 17 та олий таълим муассасасидан келган ғолиб талабалар Қорақалпоғистонда тантанали кутиб олинди. Меҳмонлар Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Айниқса, дунёга машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи талабаларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Республика танлови ғолиблари Мўйноқ тумани марказидаги Маданият саройи олди ва марказий кўча бўйига кўчатлар экди.
Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш маросими бўлди. “Йилнинг ўз мутахассислиги бўйича энг билимдон талабаси”, “Йилнинг энг фаол ташаббускор-тарғиботчи талабаси”, “Йилнинг энг фаол ихтирочи-инноватор талабаси”, “Йилнинг энг фаол спортчи талабаси”, “Йилнинг энг фаол ижодкор талабаси”, “Йилнинг энг фаол блогер талабаси”, “Йилнинг энг намунали тадбиркор талабаси” номинациялари бўйича биринчи, иккинчи, учинчи ўринлар соҳиблари эълон қилинди.
̶ Мўйноққа келиб, ундаги янгиланишларни ўз кўзим билан кўришни орзу қилардим, ̶ дейди Фарғона давлат университети талабаси, “Йилнинг энг фаол ижодкор талабаси” номинацияси иккинчи ўрин соҳибаси Муштарийбегим Қурбанова. ̶ Тақдирлаш маросими Қорақалпоғистонда, Мўйноқда ташкил этилгани эса мен каби ижодкор талабаларни янада руҳлантирмоқда.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус статуэтка, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА