Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси Танзила Норбоева Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида айтиб ўтилган асосий вазифалар, ҳудудлар манфаатларини таъминлаш, ислоҳотлар жойларга етиб боришини назорат қилиш, бу борада маҳаллий Кенгашлар фаоллигини ошириш бўйича фикрларини билдирди.
– Жамиятда қарор топаётган очиқлик, ошкоралик тамойиллари давлат идораларининг иш самарадорлигини оширишни тақозо қилаётир, – деди Т.Норбоева. – Ислоҳотлар, аввало, халқ манфаатларини таъминлаши керак. Бу жараёнда ижро органлари масъулиятини ошириш муҳимдир. Шунда ислоҳотлар самараси халқимизга етиб боради. Маҳаллий Кенгашлар фаоллигини ошириш ҳам бугунги куннинг талаби эканини ҳеч ким инкор эта олмайди. Мазкур институт жойларда парламент, жамоатчилик назоратини тўлақонли йўлга қўйиши ижро органларининг самарали ишлашига туртки бўлади. Ҳозирги кунда ушбу институтнинг ўз ўрнига эга эмаслиги жойларда муаммолар илдиз отишига, маҳаллий давлат органлари томонидан қўпол қонунбузиш ҳолатларига йўл қўйилишига, аҳолининг муаммолар гирдобида қолишига сабаб бўлаётгани сир эмас. Бугун Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашларга сайланган 6 минг 570 депутат билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш механизмлари ишлаб чиқилди. Депутатларнинг салоҳиятини ошириш юзасидан доимий ишлайдиган махсус ўқув курслари ташкил этилди.
– Ўзбекистонда 2017 йилдан буён олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар динамикаси тобора ўсиб бормоқда. Жамғармамиз барча ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Марказий Осиёда стратегик жиҳатдан муҳим давлат ҳисобланади. Ўйлайманки, ушбу демократик ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янада ривожланишига, конструктив ташқи сиёсат олиб боришига, янада либераллашишига замин яратади. Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада парламентга юксак ишонч билдиргани, олиб борилаётган ислоҳотларни давомий равишда ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли вазифалар белгилаб бергани эътиборга моликдир, – деди Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне.
Иштирокчилар Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилди. Конференциянинг биринчи сессияси мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатидаги муҳим масалаларни ҳал этишда парламент ва ҳукумат вакиллик органларининг роли, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш масалаларига бағишланди.
– Барқарор ривожланиб бораётган ижтимоий бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат қуришда парламент ролини янада ошириш бош мезондир, – деди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. – Жадал иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун эса замонавий сиёсий тузилма – қонун устуворлиги керак. Давлат ҳокимиятининг аҳоли олдидаги жавобгарлиги унинг фаолияти шаффофлигидадир. Бунга эришиш эса, биринчи навбатда, халқ вакилларининг фаолияти билан боғлиқ. Бу, ўз навбатида, ҳукумат ва жамият ўртасида ижтимоий ишончни шакллантириш омилидир. Олдимизда турган долзарб ва мураккаб вазифа қонун устуворлиги соҳасидаги ишларни бутунлай янгича ташкил этишдан иборат. Қонун ижодкорлигида асосий эътиборни қонунлар халқ манфаатларини қанчалик ифода этишига қаратиш керак. Қонунни қабул қилишда соҳа мутахассиси даражасидаги билимга эга бўлиш, етук экспертлар фикрига таяниш лозим.
Тадбирда сиёсий тизимни модернизациялаш шароитида парламент назорати самарадорлигини ошириш масаласи иштирокчилар диққат марказида бўлди. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан Олий Мажлис ўртасида самарали ҳамкорликни амалга ошириш учун маҳаллий Кенгаш депутатлари ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ва экспертларидан иборат доимий фаолият олиб борувчи вилоят ҳокими томонидан тасдиқланадиган мониторинг гуруҳини тузиш, жорий йилги тасдиқланадиган Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро анжуманда сенаторлар, депутатлар, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссиялар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар, етакчи консалтинг компаниялари раҳбарлари иштирок этди.