Устозлар ҳаёти ёшлар учун ибрат

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таниқли ёзувчи, ардоқли устоз Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Гулайша Есемуратова таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Ибратли ҳаёт” мавзусида адабий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, академик Ж.Базарбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Г.Аннақиличева, Ш.Уснатдинов, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғ.Ходжаниязов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист К.Реймов таниқли ёзувчининг миллий маданиятимиз билан адабиётимиз ривожига қўшган катта ҳиссасига тўхталишди.
Таъкидланганидек, ёзувчи узоқ йиллар Қорақалпоғистон Республикасидаги қатор нашрларда самарали меҳнат қилди. Ўзининг бетакрор ижоди билан қорақалпоқ адабиётшунослиги ривожига катта ҳисса қўшди. Унинг теран мазмунга эга ҳикоялари, повест ва романлари олий ўқув юртларининг дарсликлари, умумтаълим мактабларининг дарсликлари ва ўқув-қўлланмаларидан ўрин олди. Кўплаб ёзувчи ва журналист аёлларга устозлик қилди. Соҳага етук мутахассислар тайёрлашга муносиб улуш қўшди.
Тадбир якунида ёзувчига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг табриги ўқув эшиттирилди ва “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА