Содиқ САФОЕВ: "Парламент қабул қилинаётган қонуннинг халққа қанчалик фойдалилигига эътибор қаратиши лозим"

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимизни нафақат 2020 йилда, балки келгуси беш-ўн йилда ривожлантиришнинг стратегик йўли, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг дастуриламали бўлиб хизмат қилади.
Шу маънода, парламент олдидаги асосий вазифалар нималардан иборат? Парламент ролини янада ошириш бўйича нималарга эътибор қаратиш керак? Янги парламентдан қандай натижалар кутилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ САФОЕВ журналистлар билан бўлган мулоқотда шу каби саволларга жавоб берди.
– Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида бундан кейин жамият мамлакатимиздаги ҳамма ислоҳотларнинг ташаббускори бўлади, деган ғояни илгари сурди. Мурожаатнома давомида айтилган барча хулосалар, таклиф ва тавсиялар мана шу ғоя асосида шаклланган. Бундан кейин давлат идоралари фақат халқ учун, халқнинг манфаати учун ишлаши тўғрисида принципиал масалалар илгари сурилди. Бунда ҳар бир соҳа вакиллари бутун халқнинг манфаатидан келиб чиқиб ўз иш услубини олиб бориши кераклигини уқтирди.
Мурожаатномада мамлакатимиз парламентига оид жуда муҳим, чуқур илмий таҳлилларга асосланган фикрлар илгари сурилди. Агар биз мамлакат олдида турган стратегик мақсад, яъни замонавий рақобатбардош ва инсон ҳуқуқларини таъминлайдиган давлатни, жамиятни тузмоқчи бўлсак, албатта, жамиятда парламент роли ортиб бориши шарт. Биз ҳокимиятнинг турли бўғинлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва назорат қилиш тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратишимиз жуда муҳим. Парламент ролининг, айниқса, ижро этувчи ҳокимият устидан назорат қилиш ва халқнинг орзу-умидларини уларга етказиш ва амалга оширишда аҳамияти катта.
Иккинчидан, биз ҳуқуқий давлат қураётган эканмиз, унинг пойдеворини яратиш, яъни қонун ижодкорлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишни такомиллаштириш парламентнинг асосий вазифаларидан саналади. Бугунги жамиятда, айниқса ислоҳотлар жараёнида ҳокимият ва халқ ўртасидаги ишонч ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Бусиз ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмас. Шу маънода, халқ сайлаган вакиллар уларнинг орзу-умидларини, муаммоларини ифода этади ва ҳимоя қилади.
Мурожаатномадаги энг асосий фикрлардан яна бири шундаки, парламент қонун ижодкорлиги жараёнида, аввало, қонун ижодкорлиги техникасига эмас, қабул қилинаётган қонуннинг халқчиллигига, халққа қанчалик фойдалилигига эътибор қаратиши лозим. Кўп йиллар мобайнида биз бу масалага юзаки қараб, охир-оқибат қонунлар ижросини таъминлай олмайдиган даражага келган эдик. Тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вақти аллақачон келган. Яъни қабул қилинган қонун бевосита иқтисодиётимиз, ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётимизга ўз таъсирини кўрсата биладиган ҳужжат бўлиши лозим. Уни ишлатиш учун қандайдир қўшимча қарорлар, бир-бирига зид бўлган ҳужжатларни қабул қилиш амалиётидан воз кечиш керак.
Шу нуқтаи назардан қараганда, парламент олдида учта энг муҳим вазифа турибди.
Биринчи навбатда, сайланган депутатлар, сенаторлар тегишли қонун қабул қилаётганда шу соҳа мутахассиси даражасидаги билимга эга бўлиши керак. Профессионал, муаммони билган, ўз билимига таянган ҳолда қонун қабул қилиши давр талаби. Биз Сенатда ҳар бир қўмита қошида Экспертлар кенгашини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Бу қонунларнинг янада мукаммал бўлишига хизмат қилади. Шу билан бирга бугунги замон қонун ижодкорлигининг очиқлигини талаб этади. Илгариги пайтларга ўхшаб қонунни ёпиқ кабинетларда ёзиш вақти ўтди. Ҳар бир чиқаётган қонун кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши зарур ва буни амалга ошираяпмиз.
Парламент олдида турган иккинчи вазифа, яъни йўналиш – бу парламент назорати. Парламентнинг асосий функцияларидан бири ҳокимият органлари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар, жойлардаги органлар миллий қонунларимиз, халқаро мажбуриятларимизнинг ҳаётга татбиқ этилишида қанчалик ишлаётганини назорат қилишдан иборат. Бунинг усуллари кўп. Давлат бюджетини назорат қилиш парламентимизда аввал бўлмаган амалиёт ҳисобланади. Илгари парламент юзаки, хўжакўрсинга давлат бюджетини кўриб чиқарди. Бу йилдан бошлаб маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам маҳаллий ҳокимият бюджетини назорат қилади. Ҳудуддаги маблағлар қандай тақсимланаяпти, қайси соҳаларга йўналтирилаяпти, барчаси назоратга олинади. Охирги йилларда амалга оширилган солиқ ислоҳотлари натижасида кўплаб маблағлар маҳаллий ҳокимиятнинг ўзида қолаяпти. Ушбу маблағларни тўғри тақсимлашни энди фақат ҳоким эмас, балки маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам назорат қилади. Шу билан бирга ижросини ҳам назоратга олади.
Парламент назоратининг энг муҳим усулларидан бири – бу депутатлик, сенаторлик сўрови. Яъни бу вакиллик органи томонидан ҳокимият, вазирлар, ҳукуматга халқ номидан уларни безовта қилаётган масалалар бўйича сўров юбориш ва шу сўровга аниқ жавоб талаб қилиш. Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, парламент талабчан бўлиши, керак бўлса депутат сўровларига қониқарли жавоб олмаса у ёки бу амалдорни ишдан олишга ҳам қодир бўлиши керак. Бу унинг ҳуқуқи. Охирги йилларда давлат ҳокимиятида парламентнинг ролини янада ошириш бўйича кўплаб ишлар қилинди. Жумладан, ҳукуматнинг парламент олдида мунтазам ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди. Бу оддий расмиятчилик учун эмас, ҳукумат аъзолари олдига аниқ масалаларни қўйиб, аниқ жавоблар олиш мақсадида жорий этилди.
Учинчи масала эса Президентимиз томонидан алоҳида урғу бериб айтилган, олдимизда турган вазифалардан бири – маҳаллий Кенгашлар ролини ошириш. Агар жамиятда вакиллик органлари ролини оширмоқчи бўлсак, биз уни фақатгина марказда эмас, энг узоқ ҳудудларда ҳам таъминлашимиз керак. Давлат хизматларини бажаришни қуйи органларга бериш, яъни марказдан эмас халққа яқин қуйи бўғинлардан бошлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу маҳаллий органларда кўпроқ ваколат бўлишини билдиради.
Кўп йиллар мобайнида парламент унча кириб бормаган, яъни эътибор марказида бўлмаган хавфсизлик, мудофаа, бюджет, халқаро масалаларга бугун алоҳида эътибор қаратилаяпти. Халқаро тажрибани ўрганиш биз учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Бизда бу бўйича катта режалар бор. Яқин кунларда бир гуруҳ ёш депутат ва сенаторлар Ҳиндистон парламентаризмини ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатга сафар қилади. Шу билан бирга ғарб парламентаризмини ўрганиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Нима учун? Чунки у ерда ижтимоий бозор иқтисодиёти анча ривожланган. Ўз вақтида Германия ривожланишига катта туртки бўлган ижтимоий бозор иқтисодиёти механизмини ўрганиш анча фойдали.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада алоҳида қайд этганидек, энди сенатор фақатгина Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисоботини эшитиш билан кифояланмасдан, элчиларнинг жойлардаги фаолияти юзасидан парламент эшитувларини амалга оширади ва улар фаолиятига баҳо беради. Улар ҳудудларга, вилоятларга қандай ёрдам кўрсатаяпти, қанча инвестиция киритаяпти, деган саволларни дангал қўяди. Яна бир вазифа халқаро мажбуриятларимизни ва ратификация қилинган халқаро конвенцияларни амалга оширишни назорат қилишдан иборат.
Бир сўз билан айтганда, халқчил қонун ижодкорлиги, самарали парламент назорати фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиши керак.

 

ЎзА мухбири Нурилло НАСРИЕВ ёзиб олди