Гулистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.
Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий манфаатлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, ҳар бир фуқарога бериладиган паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб, унинг эгаси давлат муҳофазасида экани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъи назар, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан Сирдарё вилоятидан ҳам 3 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бахтига муяссар бўлди. Улар орасида Валентин Кубединов ҳам бор.
– Мен 1959 йили ҳозирги Гулистон шаҳрида туғилганман, – дейди В.Кубединов. – 1989 йили Россияга ишлагани кетдим. Қайтиш имкони бўлмай, 1996 йилгача ўша ерда қолиб кетдим. Қайси миллатга мансуб бўлишингдан қатъи назар, ўз туғилиб ўсган юртингдан бошқа жой сенга Ватан бўлолмас экан. Шунинг учун киндик қоним тўкилган юртга қайтдим. Шундан буён Ўзбекистон Республикасининг тенг ҳуқуқли фуқароси сифатида паспортим бўлишини орзу қилардим. Ниҳоят орзуим ушалди. Туғилиб ўсган Ватаним паспортига эга бўлганимдан жуда бахтиёрман.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.