Мазкур тадбир доирасида Энергетика вазири Алишер Султонов МАГАТЭнинг янги тайинланган бош директори Рафаэл Мариано Гросси билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Мариано Гросси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатимизнинг МАГАТЭ билан ҳамкорликни кучайтираётганига юқори баҳо берди. У МАГАТЭ Ўзбекистон тимсолида минтақадаги муҳим ҳамкорни кўраётганини таъкидлади. Шунингдек, ядро хавфсизлиги соҳасида ҳамда АЭС қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда ташкилот Ўзбекистонга ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини билдирди ва 2020 йилда МАГАТЭ миссияси ядровий инфратузилмани ҳар томонлама кўриб чиқишни белгилаганини маълум қилди.
Мариано Гросси мамлакатда ядро хавфсизлигини таъминлашда мувофиқлаштирувчи муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб, шу боисдан мувофиқлаштирувчининг кадрлар салоҳиятини оширишга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини маълум қилди. Бу борада МАГАТЭ миссияларидан бири бўлган “Мувофиқлаштириш масалалари бўйича комплекс хизматлар (IRRS)” дастурининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг миллий дастури тўлиқ халқаро талаблар асосида амалга оширилишини асосида амалга оширилишини таъминлаш имконини бериши таъкидланди.
2020-2021 йиллар мобайнида МАГАТЭ техник ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонда умумий қиймати 1 миллион евродан ортиқ бўлган тўртта лойиҳани амалга ошириш учун тасдиқлади.
Дастур Ўзбекистонда ядро энергияси объектларидан фойдаланишда ядро ва радиация хавфсизлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида замонавий ядротехнологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, ядро энергияси ҳақидаги билимларни тарқатишни кўзда тутади.