Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида “Туркманистоннинг доимий нейтралитети тўғрисида” БМТ резолюцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига ҳамда 2020 йилда Туркманистонда “Туркманистон – бетарафлик маскани” йили деб эълон қилинганига бағишланган брифинг ўтказилди.
Брифингда қилган чиқишида Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов журналистларга туркман нейтралитети тарихи, унинг Марказий Осиё, умуман дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлашдаги роли тўғрисида гапириб берди.
Элчи Я. Маммедов Туркманистон нейтраллик мақоми БМТ Бош Ассамблеясининг 1995 ва 2015 йиллардаги махсус резолюциялари билан икки марта тасдиқланган дунёнинг ягона мамлакати эканлигини қайд этди.
Шу муносабат билан алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлик мақомини қўллаб-қувватлаган ва БМТ Бош Ассамблеясининг “Туркманистоннинг доимий нейтралитети тўғрисида”ги резолюциясининг икки маротаба ҳаммуаллифи сифатида чиққан давлатлардан бири ҳисобланади.
Туркман дипломатик миссияси раҳбарининг таъкидлашича,Туркманистон ўзининг бетарафлик мақомига содиқ қолиб, халқаро майдонда минтақа ва унинг ташқарисидаги низоли масалаларни фақат сиёсий дипломатик усуллар воситасида ечиш тарафдори сифатида чиқмоқда.
Туркманистон бетарафлик мақомининг минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги юксак аҳамияти хусусида гапирганэлчи Я.Маммедов брифинг иштирокчилари эътиборини Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедовнинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг олий минбаридан туриб илгари сурган таклиф ва ташаббусларига қаратди.
Туркманистон давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида қуролсизланиш, минтақада ядро қуролидан ҳоли ҳудуд яратиш, террорчилик, экстремизмга қарши кураш, Афғонистон ривожига кўмаклашиш каби таклифларни илгари сурди.
Элчи Я.Маммедов туркман раҳбарининг ишончли ва самарали транспорт, энергетик ва экологик тизимлар яратиш орқали Марказий Осиёда барқарор тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган истиқболли ташаббусларига журналистлар эътиборини қаратди.
Шунингдек, қароргоҳи Ашхабодда жойлашган Марказий Осиё учун БМТнинг превентив дипломатия бўйича Минтақавий марказининг минтақавий масалаларни, шу жумладан, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва прициплари асосида трансчегаравий сув ресурсларини оқилона тақсимлаш ва фойдаланиш борасидаги юксак роли ва фаолияти тилга олинди.
Тадбир иштирокчилари Туркманистоннинг бетарафлик мақомининг 25 йиллигига бағишланган ва 2020 йилда ҳам республика, ҳам хорижда ўтказилиши режалаштирилаётган маросимлар ҳақида хабардор қилинди.
Шу билан бирга элчи Я.Маммедов 2020 йилнинг 11-12 декабрь кунлари Ашхабодда олий даражада ўтказиладиган “Нейтралитет сиёсати ва унинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги ўрни” мавзуида ўтадиган халқаро конференция ҳақида маълумот берди.
ЎзА