Уюшма раиси Қ.Набиев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар нуронийларни қўллаб-қувватлаш, кексалар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Йиғилишда Пенсионерлар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот тингланди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва боқувчиси йўқ нуронийлар Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги санаторий-соғломлаштириш масканларига даволаниш ҳамда соғлиғини тиклаш учун юборилмоқда. Табаррук ёшдаги нуронийларимиз мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.

– Уюшмамизга аъзо бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларга доимий кўмак берилмоқда, – дейди Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Холмўмин Дўстмуродов. – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги эзгу ишлар кўлами янада кенгайди. Кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларнинг коммунал тўловлари ҳомийлар кўмагида тўлаб берилди. Бундай мисолларни кўплаб давом эттиришимиз мумкин. Зеро, Бош қомусимизнинг 39-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилгани ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА