Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, ички ишлар вазири, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлари иштирок этди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида аниқ вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, Президентимизнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалар аниқ ва равшан белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, ўтган қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ички ишлар органлари тизими тубдан такомиллаштирилди, профилактика инспекторларининг билими ва касб тайёргарлигини ошириш, улар учун муносиб иш шароити яратиш, ўз вазифаларини бажариш натижадорлиги учун моддий рағбатлантиришнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда бевосита ўзларига бириктирилган ҳудудда хизмат турар жойи билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Натижада жорий йилнинг ўн ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари 9 минг 698 тага ёки 14 фоизга, жиноят-қидирув йўналишида эса 4 минг 562 тага ёки 11 фоизга камайишига эришилди.
Айни пайтда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли профилактик тадбирлар туфайли 1 минг 243 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд, Хоразм, Наманган вилоятларида, куни кеча пойтахтимизнинг Сергели туманига ташриф буюрганида ҳам «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз шаҳар» концепцияларига алоҳида эътибор берди. «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, пировардида, ҳар бир оила, таълим муассасаси, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шарти эканини таъкидлаб келмоқда. Бу борада Наманган шаҳридаги Орзу маҳалласи, Хоразм вилоятидаги «жамоатчилик назорати масканлари» фаолиятидаги ижобий тажрибаларни ўрганиш, уларни барча ҳудудларга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 15 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳар томонлама таҳлил қилиб берилди. Бу борада давлат идоралари ва жамоатчилик тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунида ўтказилаётган тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги сезилмаётгани, айрим ҳудудларда аҳоли билан манзилли профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмагани оқибатида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилаётгани таъкидланди.
Ўтган даврда 7730 та маҳаллада жиноят содир этилган. Энг ачинарлиси, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган.
Йиғилишда бундай салбий ҳолатлар давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида юзага келаётгани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар тўғрисида алоҳида тўхталиб, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳар бир идора ўз билганича иш тутиб келаётгани, аксарият тадбирларда муаммонинг ечимига умумий ёндашилаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чоралари кўрилиши юзасидан зарур топшириқлар берди.
15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясининг ташкил этилиши ва унинг фаолият йўналишлари билан боғлиқ масалаларга тўхталди.
Эндиликда ички ишлар, прокуратура, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик учун омил бўлаётган ишсизлик, гиёҳвандлик, қаровсизлик, оилавий низолар ва шу каби бошқа иллатларнинг вақтида олдини олиш чораларини кўриши зарур. Шунингдек, умумийликдан қочиши, бунинг учун ягона мақсад сари интилиб, ҳамкорликда фаолият олиб бориши, ҳар бир муаммога аниқ режа асосида ёндашиш лозим.
Бундан буён вилоят даражасидаги сектор раҳбарлари ҳар 15 кунда марказий телевидение орқали ҳамда барча туман-шаҳар сектор раҳбарлари маҳаллий телевидение орқали махсус кўрсатувларда ҳудудлардаги жиноятларнинг сабаблари, уларни аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида аҳолига тушунтириш ва ҳисобот бериб бориши йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари суд, прокуратура ва ички ишлар органлари фаолияти тўғрисида алоҳида тўхталиб, жиноятларнинг яширилишига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиши лозимлиги, қамоқ айбдорларни тарбиялашнинг асосий воситаси бўлмаслиги, уларга жазо тайинлашда айбдорнинг шахси ва бошқа ҳолатларни атрофлича ўрганиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.
Айниқса, вояга етмаганлар ва аёлларга жазо тайинлашда судларнинг чуқур мулоҳаза юритиши лозимлиги таъкидланди.
Президентимиз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш лозимлигини таъкидлаб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарурлигини қайд этди.