Мустақилликнинг қадрига етиш ҳам фарз, ҳам қарз

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
Истиқлол йилларида мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Зеро, тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади. Мустақиллик эса халқимиз учун энг улуғ ва энг азиз байрамдир.
Президентимизнинг жорий йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан танишгач, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Бу йилги байрам тадбирларининг “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган шиор остида ўтказилишида катта маъно бор.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида барча соҳалар каби таълимга ҳам катта эътибор қаратилди. Айниқса, умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш, фарзандларимизнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча шароитларни яратиш зарурлиги қайд этилди.
Мустақил мамлакатимизда иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, ўқитиш жараёнига илғор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар – Президент мактабларини ташкил этишни, бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилган эди. Бугунги кунда мактаб қурилиши ишлари жадал олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ушбу мактабда ўқиш учун ҳужжат топширган ўқувчилар сони ҳар бир ўринга 51 нафардан тўғри келгани унга бўлган қизиқишнинг нечоғли юқори эканлигидан далолатдир.
Ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялашда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларни тайёрлаган ўқитувчиларнинг муносиб рағбатлантирилиши юксак эътибор ва ғамхўрлик намунасидир.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мустақиллик туфайлидир. Шу нуқтаи назардан уни асраб-авайлаш, унга муносиб бўлиш, энг муҳими, қадрига етиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Айсулув ТАЖИМУРАТОВА, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси.

 

ЎзА