Олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони 114 минг нафардан ошди

2 июль ҳолатига кўра Республика Олий таълим муассасаларига ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони 114 минг нафардан ошди. Бу ҳақида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди. 
Абитуриентларнинг энг кўп рўйхати қайд этилган (танлов) олий таълим муассасалари учталигига Ўзбекистон халқаро ислом академияси (бир ўринга 2.96 нафар абитуриент), Андижон тиббиёт институти (бир ўринга 2.81 нафар абитуриент), Гулистон давлат университети (бир ўринга 2.23 нафар абитуриент) кирмоқда.
Абитуриентларнинг энг кўп рўйхати қайд этилган таълим йўналишлари сирасига эса Мактабгача таълим (6490 нафар абитуриент), Бошланғич таълим ва спорт (6240 нафар абитуриент), Жисмоний маданият (5901 нафар абитуриент) кабиларни киритиш мумкин.
Абитуриентлар энг кўп ҳужжат топширган ҳудудлар 3 талигида эса Қашқадарё вилояти (11 321 нафар абитуриент) етакчилик қилмоқда.
Ундан кейин Андижон (11 098 нафар абитуриент) ва Самарқанд вилоятлари (10 596 нафар абитуриент) қайд этилган.
Давлат тест маркази томонидан берилган маълумотга қараганда жорий йилда ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони аввалги йилларга қараганда кескин ортиши ва 1, 5 миллионга яқин киши ҳужжат топшириши кутилмоқда.
Жорий ўқув йилида тест синовларини ўтказиш учун Тошкент шаҳри ва мамлакат ҳудудлари марказларида 69 та юқори сиғимли бинолар танлаб олинди.

 

ЎзА