Яшаш жойи бўлмаган шахсларга реабилитация маркази шахсини тасдиқловчи вақтинчалик маълумотнома беради

МваФРБ масъул ходими мурожаат қилган шахс ҳақидаги белгиланган маълумотларни ўрганиб чиқиб, унинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги ёки мансуб эмаслиги юзасидан тегишли хулоса чиқаради. 
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни маъмурий жавобгарликдан озод этиш ва паспортни расмийлаштиришда давлат божини қоплаш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда судларга ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан (рўйхат рақами 3168, 19.06.2019 й.) ўтказилди. Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Мазкур Низомга мувофиқ, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги миграция ва фуқароларни расмийлаштириш бўлимлари томонидан аниқланади.
Бундай шахслар реабилитация марказидан олган шахсини тасдиқловчи вақтинчалик маълумотнома билан туман (шаҳар) ички ишлар органларига мурожаат этади.
МваФРБ масъул ходими мурожаат қилган шахс ҳақидаги белгиланган маълумотларни ўрганиб чиқиб, унинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги ёки мансуб эмаслиги юзасидан тегишли хулоса чиқаради.
Фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган ва доимий пропискасиз, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни турган жойи бўйича ҳисобга олиш истисно тариқасида, вақтинча ҳудудий реабилитация марказлари жойлашган манзилда амалга оширилади ва Ўзбекистоннинг фуқаролик паспорти қайта расмийлаштирилади.
Шунингдек ушбу ҳужжатга кўра, МваФРБ уч сутка ичида туман (шаҳар) маъмурий судига паспорт ёки яшаш гувоҳномасини расмийлаштиришда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида тақдимнома билан мурожааат қилади.
Тақдимнома маъмурий суд томонидан қаноатлантирилганда шахсга паспорт ёки яшаш гувоҳномаси расмийлаштириб берилади.
Мазкур буйруқ расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

ЎзА