Қозоғистон: Президент сайлови қандай ўтади?

Хабарингиз бор, 2019 йил 9 июнда Қозоғистон Республикасида Президент сайлови бўлиб ўтади.
Ҳар бир мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу сиёсий жараёнга мамлакатда қандай тайёргарлик кўрилмоқда? Президентликка номзодлар орасида давлат раҳбарлиги учун кечаётган кураш жараёни қандай кечмоқда?
Тошкент шаҳрида жойлашган Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда шу каби саволларга жавоб берилди.
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди журналистларга сайлов жараёни билан боғлиқ ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари ҳақида маълумот берди.
IMG_4324.JPG элчихона Каз.JPG
Элчи ўз сўзида Қозоғистоннинг мустақилликка эришиши, давлат сифатида шаклланиши ва тараққий этишида муҳим рол ўйнаган биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ҳақида тўхталиб ўтди. Замонавий ва прогрессив Қозоғистонни барпо этишда унинг улкан ўрни борлигини алоҳида қайд этди.
Қозоғистонда ўтган аввалги сайловларда халқ ишонган ва суянган шундай элбоши бўлгани учун ҳам у мутлоқ ғалабага эришган. Бироқ бу галги сайлов олдинги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Номзодлар сонининг кўплиги, уларнинг ҳар бирининг илгари сураётган ўзига хос ғоялари, сайлов платформасига эгалиги бўлғуси сайловнинг мустақил Қозоғистон тарихида энг рақобатлиси бўлишидан дарак бермоқда.
Президентликка етти нафар номзод даъвогарлик қилмоқда. Булар амалдаги президент, “Нур-Отан” партиясидан Қосим-Жомарт Тоқаев, “Ұлы дала қырандары” республика жамоат бирлашмасидан Садибек Тугел, касаба уюшмалари Федерациясидан Амангелди Таспихов, “Ақ жол” партиясидан Дания Еспаева, “Ауил” партиясидан Толеутай Раҳимбеков, Қозоғистон Коммунистик халқ партиясидан Жамбил Ахметбеков ва “Ұлт тағдыры” бирлашган миллий-ватанпарвар ҳаракатидан Амиржан Косанов.
Президентликка сайловлар тарихида илк марта аёл киши, “Ақ жол” партиясидан номзод Дания Еспаева кураш олиб боради. Номзодлар орасида аёл кишининг борлиги Қозоғистонда гендер тенглигига эътиборнинг яққол намунасини кўрсатди.
Сайлов – очиқ ва ошкора ўтиши демократик тамойилларидан энг муҳимидир. Қозоғистонда бу жиҳатлар доим эътиборда бўлиб, сайлов жараёнини кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари бевосита кузатиб боради. Улар орасида, албатта, хорижий давлатлар вакиллари бўлади. Жумладан, ўнта халқаро ташкилотдан мингдан зиёд халқаро кузатувчи, шунингдек, сайлов пайтида мамлакатда ишлайдиган хорижий давлатлар вакиллари келиши кутилмоқда.
IMG_4331.JPG брифинг Каз..JPG
Жаноб Д.Сатибалди ўзбек-қозоқ муносабатларига ҳам тўхталиб ўтди. Бу икки халқ азалдан бир-бирига қардош ва энг яқин дўст бўлиб келган. Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи савдо шериги ҳисобаланди. 2018 йил якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги савдо 25,3 фоизга ўсиб, 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2020 йилга бориб 5 миллиард АҚШ долларигача етказиш кутилмоқда.
Ўзбекистонда “Қозоғистон йили” сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик билан бир қаторда ўз ичига маданий-гуманитар ҳамкорлик тадбирларининг катта мажмуасини қамраб олган. Айни пайтда бу йўналишда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонлик давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воисталари вакиллари Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини кузатишда иштирок этади.
2019 йил 9 июнь куни Тошкент шаҳри Зулфияхоним кўчасида жойлашган Қозоғистон элчихонаси биносида Ўзбекистондаги Қозоғистон фуқаролари учун 267-сайлов участкаси очилади. Овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 7.00дан 20:00 га қадар давом этади.

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА