ФИФА 2022 йили Қатарда бўладиган навбатдаги Жаҳон чемпионатида 32та терма жамоа қатнашишини расман эълон қилди.
Бунгача ташкилот раҳбари Жанни Инфантино Қатардаги мундиалда иштирокчилар сони 48тага оширилиши мумкинлиги ҳақида бот-бот таъкидлаб келаётган эди. Фақат, мазкур ҳолатда жаҳон чемпионати ўйинларини ўтказиш учун Қатарга ён атрофдаги давлатлардан биронтаси шерик бўлиши талаб этиларди. Негаки, Қатарда ЖЧ-2022 учун қурилаётган стадионлар 48та жамоадан иборат мусобақани қабул қилиш имконини бермайди. Боиси, мундиал баҳсларини қабул қиладиган стадион камида 20 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира олиши керак. Айни пайтда Қатарга қўшни мамлакатларнинг ҳеч бири мундиал ўйинларини қабул қилишга тайёр эканлигини билдирмади.
Қатарнинг ўзи агар ФИФА стадионлар учун талабни бироз юмшатса, яъни сиғими бироз кичикроқ мажмуаларда ҳам ўйинларни ўтказишга рухсат берса, 48та жамоалик мусобақани ҳам ўтказишга тайёр эди. Аммо, ФИФА бунга рози бўлмади. Шу тариқа 2022 йилги мундиалда 32та терма жамоа иштирок этадиган бўлди.
Хўш, бу бизга яхшими ёки ёмон? Агар ЖЧ-2022да 48та жамоа қатнашганида ва ФИФА Осиёга аввал айтилганидек 8,5та ўрин ажратганида, Эктор Купер шогирдларининг мундиалга бориш имконияти бироз ошган бўларди. Ҳозирги вазиятда эса бу ҳийла мушкул вазифа.
Айни пайтда ОФКга аъзо давлатлар сони 46та ва улар 4+1 шаклида ЖЧ йўлланмалари учун кураш олиб боради. Қатардаги мундиалга саралаш баҳсларида мезбонлар, шу билан бирга амалдаги Осиё чемпиони Қатар терма жамоаси иштирок этмайди. Битта жиддий рақибнинг йўқлиги ҳам табиийки Купер жамоаси фойдасига хизмат қилади. Бироқ, ҳал қилувчи саралаш босқичида вакилларимиз барибир Япония, Жанубий Корея, Австралия, Эрон, БАА, Иордания, Саудия Арабистони, Уммон, Сурия, қолаверса сўнгги вақтларда сезиларли даражада ўсишга эришган Вьетнам, Таиланд сингари муносиб рақиблар билан тўқнашади. Бу эса миллий терма жамоамиз зиммасидаги вазифани янада мураккаблаштиради. Шундай экан, ФИФАнинг сўнгги қарори бизнинг зиёнимизга ишлайди, десак хато бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг сентябрь ойидан Жаҳон чемпионати-2022 саралаш баҳсларига киришади.
ЎзА