Келажак энергияси: хавфсиз ва самарадор

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида «Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2019” ўн тўртинчи халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилган Ўзбекистоннинг халқаро энергетика конференциясининг дастлабки мавзуси атом энергетикасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожидаги аҳамияти таҳлилига бағишланди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва «Ўзатом» агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, экспертлар, соҳа вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Локшин, Атом энергияси бўйича халқаро агентлигининг бўлим бошлиғи Ильзе Эскобар ва бошқалар мамлакатимизда атом электр станцияси қурилиши бўйича бошланган ишлар соҳа ривожи йўлидаги халқаро ҳамкорликларнинг мустаҳкамланишига ҳамда бу борада амалий натижаларга эришишга катта туртки бўлганини таъкидлади.
photo5397584503414827750.jpg
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва бунда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Биринчи бор ташкил этилган анжуманда атом энергияси, энергиянинг қайта тикланувчи ва муқобил манбалари, энергетика хавфсизлиги бўйича тажриба алмашишга эътибор қаратилди. Унда Ўзбекистон, Россия, Австрия, Беларусь, Буюк Британия, Венгрия, Италия, Россия, АҚШ каби давлатлардан иштирок этган экспертлар соҳадаги янгиликлар ва режалар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда атом электр станциясини қуриш ишлари талаб ва тартиб бўйича амалга оширилмоқда. Жумладан, АЭС учун майдон танлаш халқаро нормалар бўйича ўрганилмоқда. Шу билан бирга, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишга қаратилган илк қонуни лойиҳаси биринчи ўқувдан ўтказилган. Кадрларни тайёрлаш масаласида ҳам дастлабки қадамлар бошланиб, бунда “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентда очилаётган филиалида 2019-2020 ўқув йили учун 100 нафар талабани қабул қилишга тараддуд кўрилмоқда.
– Бугунги анжуманда иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман, – деди Бутунжаҳон ядро уюшмаси ҳузуридаги Бутунжаҳон ядро университети директори Патрисия Уиленд. – Негаки, Ўзбекистон учун бу муҳим воқеа ва унга гувоҳ бўлаётганим мен учун шарафдир. Албатта, атом энергетикасини ривожлантириш бошқа соҳаларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Бундай эзгу ишларда биз ҳам ўқув тадбирларини ташкил этиш ва бу йўналишда кўпроқ маълумотлар олишда ўз ёрдамимизни аямаймиз. “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг филиалини ташкил этиш кадрлар масаласини ҳал этишда муҳим қадамдир.
Анжуман доирасида “Россиянинг атом технологиялари хавфсизлиги ва атом энергетикасини ривожланишида жамоатчилик фикрининг роли” ва “Келажак энергияси. Энергияни тежашдаги тараққиётга назар: Энергиянинг қайта тикланувчи манбалари” мавзуларида сессиялар ўтказилди.
photo5399991175454239490.jpg
photo5397584503414827752.jpg

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА