Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
 
қ а р о р и
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълимни ривожлантириш, таълим фаолиятига илғор педагогик технологияларни жорий этиш, кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, таълим хизматларининг замонавий ривожланиш тенденцияси тармоққа хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари илғор тажрибасини янада жорий этиш, улар билан яқин шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, таълим соҳасига чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш зарурати мавжудлигидан далолат бермоқда.
Иқтисодиёт тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вебстер университетининг (АҚШ) (кейинги ўринларда – Университет) Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ олий таълим муассасаси – юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулк, мустақил балансга эга, тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;
Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Университет (кейинги ўринларда – таъсисчилар) томонидан таъсис этилади;
Марказ таъсисчилар билан келишилган ҳолда таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига мувофиқ мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;
Марказда ўқитиш кундузги таълим шаклида, тўлов-контракт асосида, инглиз тилида, жумладан, электрон таълим ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Университет томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар асосида амалга оширилади;
Марказда тўлов-контракт асосида таълим бериш нархи миқдори таъсисчилар билан келишилган ҳолда белгиланади;
Марказда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади;
Марказга абитуриентлар қабули ва битирувчилар аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Марказ битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
3. Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик, табиий фанлар ва педагогика соҳаларида халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;
республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ва сифатини оғишмай ошириб бориш, Марказнинг профессор-ўқитувчи ходимларини хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташи;
таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
таълим ва илмий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Университет:
таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг янги ютуқларини татбиқ этишни таъминлашга кўмаклашади;
Марказ мутахассислари малакасини ошириш ва профессор-ўқитувчи ходимларини қайта тайёрлашни ташкил қилади;
Марказ кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техник адабиётлар билан бойитишга кўмаклашади;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа олий таълим муассасалари билан тузилган ўзаро битимлар асосида қўшма таълим дастурлари бўйича мутахассислар тайёрлашни амалга оширади;
Университетнинг малакали профессор-ўқитувчиларини Марказда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун жалб қилади.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) Марказга таълим олувчиларни қабул қилиш квоталари манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тегишли кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда таъсисчиларнинг қўшма қарорига биноан тасдиқланади;
б) Марказ фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган буюртмаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари грантлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;
в) Марказни ташкил этиш, унинг моддий-техника ва таълим базасини шакллантириш, шунингдек, таъмирлаш-тиклаш, бино ва иншоотларни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер ва бошқа ташкилий техникалар билан жиҳозлаш бўйича ташкилий-амалий чора-тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
г) Марказ профессор-ўқитувчилари, шу жумладан, хориждан жалб қилинадиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Университет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Университетга:
кадрларга бўлган эҳтиёж ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши истиқболидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга;
профессор-ўқитувчи ходимлар, шунингдек, педагогик ва илмий иш олиб боришга жалб этиладиган бошқа шахслар меҳнати, яшаши ҳамда транспорт харажатлари учун уларга белгиланган тарифлар бўйича тўлов амалга оширишга рухсат берилсин.
7. Қуйидагилар:
Тошкент шаҳридаги Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш бўйича ташкилий комиссия таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий комиссия) 1-иловага мувофиқ;
Тошкент шаҳридаги Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказида таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.
8. Ташкилий комиссия (А.Абдуҳакимов):
а) 2019 йил 1 августга қадар Марказнинг бино ва иншоотлари реконструкция қилиниши, шунингдек, Марказ профессор-ўқитувчилари учун яшаш жойлари тайёрланишини;
б) 2019 йил 31 августга қадар Марказни замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва ташкилий техника, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозлашни;
в) 2020 йил 31 августга қадар Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан:
Марказда ўқув аудиториялари, таълим олувчилар учун турар жойлар ва профессор-ўқитувчи ходимларнинг вақтинча яшаши учун меҳмонхона типидаги бинолар назарда тутилган 400 ўринли ўқув корпусининг реконструкция қилиниши ва жиҳозланишини;
Марказни жойлаштириш учун мўлжалланган бинолар комплекси ҳудудида жойлашган ошхона ўрнида тренажёр зали учун ертўлага эга бўлган спорт зали қурилишини таъминласин.
9. Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 13-уйда жойлашган Тошкент архитектура-қурилиш институтининг бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд оператив бошқарув ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилсин ҳамда кейинчалик бепул фойдаланиш учун белгиланган тартибда Марказга берилсин.
10. Марказнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – буюртмачи;
“Grand stroy proekt” МЧЖ – бош лойиҳа ташкилоти этиб белгилансин.
Буюртмачига, истисно тариқасида, танлов савдоларисиз, энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали Марказнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича бош пудратчини белгилашга рухсат берилсин.
11. Марказга иккита, шу жумладан, битта шахсий бириктирилган ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилсин.
12. 2022 йил 1 апрелга қадар:
Марказ барча турдаги солиқлар тўлашдан;
Университет Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятидан ҳам доимий муассаса орқали, ҳам тўлов манбаидан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан;
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Марказни жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарь ва моддий-техника ресурслари, шунингдек, автотранспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда Марказнинг устави ва тузилмаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, белгиланган тартибда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомаларига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ҳамда Марказга қабул қилинган чет эллик талабалар учун кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомаларига кўра Марказнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ҳамда Марказга қабул қилинган чет эллик талабаларга давлат божини ундирмаган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 20 март