Мамлакатимизда замонавий ахборот-технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг ахоли билан мулоқот қилишининг янги механизмига ўтиш, ривожланган давлатлар ўнталигига яқин йиллар ичида кириш учун ёш кадрларни тайёрлашда замонавий педагогиканинг ўрни юқори. Бугунги кунда ахборот коммуникация технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига изчил кириб бораётган бир пайтта биргина таълим соҳасини компьютерлаштириш ва автоматлаштириш, бошқарувда ахборот технологияларидан фойдаланиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим муассасаларининг ўқув лаборатория ва техник жиҳозлар, компьютерлар, мультимедияли электрон ресурслар, электрон дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминланганлиги, шу билан бирга, таълим тизимида масофавий таълим ёки замонавий педагогика жорий этилганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Таълим жараёни дейилганда, ўқитувчи ва ўқувчи узаро муносабатидаги яхлит жараён кўз олдимизга келади. Эндиликда ушбу жараён электрон уқув-услубий мажмуалар билан уйғунлашиб бормоқда. Бу жараёнда ўқитиш ўқувчининг кўпроқ ички имкониятлари, интеллектуал салоҳияти, ахборотни қабул қилиш ва ўзлаштириш хусусиятларига бевосита боғлиқ.
Шу ўринда эътиборимизни замонавий педагогикада ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш усули, яъни замонавий таълимнинг бир тури, масофавий таълимга қаратсак. Хўш, масофавий таълим нима? У қандай абзалликларга эга?
Масофавий таълим–бу бир жойдан туриб, қайси вақт бўлишидан қатъий назар, шахсий режа асосида ўқиш ҳамда билим олиш жараёнидир. Масофавий таълим деганда ўқув ахборотларини масофавий алмашиш воситаларига асосланган (йўлдош телевидение, радио, компьютер алоқаси ва бошқалар) махсус ахборот-таълим муҳити ёрдамида мамлакатда ва чет элда аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган таълим хизматлари тушинилади. Бу таълим тури ғарбда анъанавий бўлиб қолди. Ҳар бир нуфузли мавқеига эга университет ҳозирда албатта, масофавий таълим дастурига эга. Таълимнинг бу шаклини «Замонавий педагогиканинг янги шакли» деб юритсак муболаға бўлмайди.
Масофавий таълим замонавий педагогик технологияларнинг бир тури бўлиб, у кўпгина абзалликларга эга. Жумладан, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш, талабанинг билим олиш жараёнида мустақиллиги, таълимнинг иқтисодий самарадорлиги, ўқув жараёнида аудио-видео, анимация, графикалар асосида таълим бериш натижасида ўзлаштиришнинг юқори кўрсатгичга эга бўлиши, билимларнинг ҳолисона баҳоланиши, назарияни амалиёт билан таққослаш имконияти, дунёнинг етук профессор-ўқитувчилари маърузаларидан фойдаланиш ва бошқаларни ўз ичига олади.
Ўқув-тарбия жараёнида ўқитишнинг илғор шаклларини тадбиқ этиш, шу жумладан масофада туриб ўқитиш самарадорлигини ошириш, янги педагогик ва ахборот технологияларни жорий қилиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида мамлакатимизда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда педагогиканинг бу шаклини ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, таълим муассасалари бу жараёнда жуда фаол қадамларни ташламоқдалар. Кўпчилик бўни ташқи таълимнинг янги тури деб ҳисоблайдилар. Маълум даражада бу шундай. Чунки, бугунги кунда дунёда масофавий таълим бўйича таҳсил олаётган талабалар ва ундан фойдаланувчилар сони тобора кўпайиб бормоқда. Масофавий таълим узлуксиз таълим тизими шаклларидан бири ҳисобланиб, инсоннинг билим олиш ва ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширишга йўналтирилган. Ушбу дастурнинг мазмуни айнан масофавий таълим ва замонавий педагогика ҳамда ахборот технологиянинг бир-биридан ажралмаслигидан иборат. Ўқитишнинг янги шаклида назорат усули сифатида масофавий ташкил этилган имтихонлар, суҳбатлар, курс ва лойиҳа ишлари, компьютерли интеллектуал тест тизимларидан кенг фойдаланилади.
Мамлакатимизда масофавий ўқитишга йўналтирилган видеоконференциялар усули кенг тарқалган. Буни биз биргина Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва унинг (Нукус, Фарғона, Қарши, Самарқанд, Урганч) филиаллари ўртасидаги тўғридан-тўғри дарс ўтиш видеоконференциялари мисолида кўришимиз мумкин. ТАТУнинг Нукус филиалида эса бу жараён 2011 йил апрел ойидан йўлга қўйилиб, ҳозирга қадар филиал талабалари профессор-ўқитувчилардан, мутахассислардан ахборот технологиялари соҳасидаги долзарб мавзулардан ташкил топган маърузаларидан бохабар бўлиш билан биргаликда, вилоятларда таҳсил олаётган тенгдошлари билан ўзларининг соҳага доир фикр мулоҳазаларини билдириб, ўз-аро тажриба олмашишмоқда. Бу эса ўз навбатида талаба ёшларнинг таълим олиш савиясини оширишга ва дунё қараши кенгайишига хизмат қилади.
Замонавий талим тизимини Олий ўқув юртлари билан бир қаторда касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва умум таълим мактабларида ҳам ўқитиш йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Маълумки, чекка қишлоқларимизда фанлар бўйича мутахассислар етарли эмас. Агар, чекка қишлоқларда таълим олаётган келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларимиз ҳам мутахассис домлалардан дарс олишини, қолаверса ўз тенгдошлари билан узвий мулоқатда бўлишини таъминласак, биз эртанги интеллектуал салоҳиятли, юксак маънавиятли, замонавий билимга эга, баркамол авлодлар бўлиб улғайишига замин яратган бўламиз. Зеро, бунунги кун барчамиздан жаҳон андозаларига мос равишда билимли, ҳар томонлама зукко ва комил инсонлар бўлишимизни талаб қилмоқда. Шундай экан ҳар биримиз замон билан ҳамнафас бўлмоғимиз ва ривожланишлар сари дадил қадам ташламоғимиз даркор.
ТАТУ Нукус филиали
директори Б.Т.Каипбергенов (т.ф.д.),
А.М.Тумаева (магистрант)