Рекордчи “Пахтакор” бугун Эронда ўйнайди

Бугун мамлакатимиз вице-чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидаги иштирокини бошлайди.
“Шерлар” Эронда маҳаллий “Персеполис” жамоаси билан куч синашади. Мазкур учрашув Теҳрондаги машҳур “Озоди” стадионида Ўзбекистон вақти билан соат 20:00да бошланади.
Кеча бўлажак ўйинда жамоалар қайси рангли либосларда майдонга тушишига аниқлик киритилди. “Пахтакор” меҳмон сифатида бугунги ўйинни ўзининг оқ рангли либосида ўтказса, форслар анъанавий қизил рангли либосда тўп тепади.
Таъкидлаш жоиз, бу йилги мусобақа “Пахтакор” учун қитъамиз клублари ўртасидаги энг нуфузли турнирдаги юбилей – 15-иштирок сифатида тарихга киради. Бу борада “шерлар” билан фақатгина Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” клуби рақобатлашиши мумкин. Улар ҳам худди “Пахтакор” сингари бу йил ОЧЛда 15-маротаба иштирок этишади. Кейинги ўринларда қуйидаги жамоалар бормоқда:
“Ал Айн” (БАА) – 14 марта,
“Ал Саад” (Қатар) – 14,
“Чонбук Хюндай Моторс” (Жанубий Корея) – 12,
“Ал Иттиҳод” (Саудия Арабистони) – 11,
“Ал Аҳли” (Саудия Арабистони) – 11.
Бугунги ўйинни “шерлар”нинг янги вакили Одил Ҳамробеков ўтказиб юборади. Марказий ярим ҳимоячи бу йилги саралаш баҳсларининг ҳар икки учрашувида ҳам огоҳлантирилган эди. Шу боис Ҳамробеков Эрондаги баҳсда “Пахтакор”га ёрдам беролмайди. Умид қиламизки, Шота Арвеладзе бу йўқотиш ўрнини муносиб футболчи билан тўлдира олади ва пойтахт жамоаси ўз мухлисларини хушнуд этади.

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА